Ҳусан қори дада

770

Ҳусан қори дада 1937 йили  Қашқарда таваллуд топганлар. Отасининг исми Юнусбой бўлиб, меҳмонсиз овқатланмаган. Аҳли илм ва аҳли Қуръонларга жуда кўп ҳизмат қилган. Ўз шаҳрининг бойлари билан алоқаси яхши бўлганлиги учун у  киши ўз шаҳри Андижондан Қашқарга ўтиб кетишга мажбур бўлади. У ерга бориб оила қуради ва иккита эгизак фарзанд кўради. Исмларини Фотима ва Ҳусан деб қўяди. Ўғлининг ёши еттига етганида ҳофизи Қуръон бўлсин деб, Қашқарда жойлашган Ҳайитгоҳ масжидидаги қорихонага олиб боради. Биринчи устози Муҳаммадали домла бўлиб, Ҳарамга бориб, ўша ерда қолиб кетган ва Тоифда вафот этган. У киши шогирдларини ўзининг ишонган шогирди Муҳаммадамин домлага топшириб кетганлар. Шундай қилиб, Ҳусан қори дада ўн уч ёшида Муҳаммадамин домланинг ҳузурида Қуръонни ёд олди. У кишининг устози Муҳаммадамин домла «Бу ҳақиқий ўғил бола, Қуръонни ўғил болага ўхшаб ўқийди», деб эркалатарди.

Шу қорихонада йигирма ёшгача устози билан бирга талабаларга дарс берди. Отаси, ниҳоят, 1960 йилда оиласи билан ўз юрти Андижонга қайтади. У ерда озгина яшаганларидан сўнг баъзи сабабларга кўра Қўқон шаҳрига кўчиб ўтади ва ўша ердан қўним топади. 1974 йили отаси юз ёшида вафот этади.

Ҳусан қори дада 1966 йили Қўқонда уйланади. Кейинчалик бир қиз фарзанд кўради. Ўз ота шаҳрини қўмсаган Ҳусан қори дада Андижонга қайтиб келади. Бу ерда ҳам оила қуриб, учта ўғил ва учта қиз кўради. Касби косибчилик бўлиб, маҳси тикиш билан шуғулланади. Кейинчалик 1988 йили Андижон шаҳридаги Девонабой масжиди имом-хатиби Ҳабибуллоҳ ҳожи дада у кишини ўзига ноиб имом қилиб олади. Шундан кейин рамазонда хатмга ўтиб, у ерда ноиб имомлик қила бошлайди.

Ўтган йиллар давомида қорихонада Ҳусан қори дада минглаб талабаларни ўқитиб, улардан беш юзга яқин талабаларни ҳофизи Қуръон қилиб чиқарди. Ҳаёти давомида жуда кўплаб мураттаб қорилар чиқарган. Шогирдлари нафақат Ўзбекистондан, балки бутун Собиқ Иттифоқдан келиб таҳсил олишган. Шу талабаларидан бири Мукаррам қори Тожикистонда муфтийлик даражасига кўтарилган.

Умрининг олтмиш йилини Қуръонга ва Ислом динига сарфлади. Ҳатто вафотидан ўн кун олдин ҳам шогирдлари келиб, дарс олиб кетишган. Умри давомида сон-саноқсиз шогирдлар чиқарди. Ҳозирда бу шогирдлари динимизга, халқимизга, ватанимизга хизмат қилмоқдалар. Умриниг охирида пешоб йўлида ўсимта пайдо бўлганлиги сабабли жарроҳлик столига ётқизилди. Операциядан уч кун ўтиб, 2010 йили бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилди. Бу қилган хизматлари эвазига Аллоҳ таоло бу зотга гўзал ҳолатда, тилларида шаҳодат калимасини айтган ҳолатда вафот этишни насиб қилди.

Манба: quran.uz