Ўтган 2018 йил давомида юртмизда, ҳусусан диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, жуда катта ютуқларга, янгиликлар бой бўлди десак асло муболаға бўлмайди.
Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари ила ўтказилган Қуръон мусобақалари, Юртбошимизнинг диний-маърифий соҳани тубдан такомиллаштиришга қаратилган Фармонлари. Шу фармон ила таъсис этилган Халқаро ислом академияси, Халқаро Ислом цивилизация маркази, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Бухородаги Мир Араб Олий мадрасаси ташкил этилганлиги каби бир қанча хайрли ишлар амалга оширилди.
Шунингдек, Ҳаж ва Умра ибодатларига юртдошларимизнинг боришлари учун навбат ва белгиланган квоталарнинг олиб ташланганлиги эса барчани бирдай қувонтирмоқда десак асло муболаға бўлмайди.
Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги ва вилоятда фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатиблари томонидан ҳам 2018 йил давомида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилганлигини эсламай ўтишни иложи йўқ.
Вилоятимиздаги бир қанча масжидлар қайтадан қурилди, бир қанчаси жорий таъмирдан чиқарилиб, намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратилинди. Бунинг мисолида Олтинкўл туманидаги “Жалабек ота”, Шаҳрихон туманидаги “Сарой” каби жоме масжидларнинг қайта қурилганлигини, Андижон шаҳридаги “Холиқбердибой”, “Эски гумбаз” каби жоме масжидларнинг таҳоратхоналари қайта қурилганлигини кўришимиз мумкин. Андижонимизнинг кўрки бўлган “Девонабой” жоме масжиди эса вилоят ҳокимининг ташаббуси ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раҳнамолигида қайтадан замонавий кўринишда қурилмоқда.
Ўндан ошиқ маҳаллий масжидларимизга жоме масжид мақоми берилди. Муборак Ҳаж ибодатларига 1000га яқин фуқароларимиз бориб келдилар.
Вилоятдаги 181 та масжидда тўлақонлик Хатми Қуръонлар ўтказилди.
“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юртида “Қуръони карим ва тажвид” ҳамда “Араб тили” курслари ташкил этилди. Бундан элу-халқимиз жуда ҳам мамнун бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилоят филиали ташкил этилди.
Бизнинг юримизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳатларни нафақат юртимиз аҳолиси, балки бутун дунё эътироф этмоқда. Бунинг мисолида куни кеча БМТ бош ассамблеясида Юртбошимиз томонидан таклиф қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли резолюцияни бутун дунё мамлакатлари томонидан тан олинганлиги ва қабул қилганлигини кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон бағрикенг диёр. Унинг бағрида яшаётган ҳар бир миллат борки тинчликда-тотувликда яшашлари қонунан ҳимоя остига олинган. Буни эса Аллоҳ таоло ҳам ўзининг муборак каломида «Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз…» деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 208-оят).
2018 йил 28-декабрь куни муҳтарам юртбошимизнинг Парламентга қилган мурожаати эшитмаган инсоннинг ўз бўлмаса керак менимча. Ушбу мурожаатномада кўтарилган борики масала халқимизнинг турмуш хаётини яхшилаш, уларнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган десак хато қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам юртбошимиз томонидан 2019 йилни – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланишлиги эълон қилинди. Бу эса, тобора куч-қувватга тўлиб бораётган ислоҳотларнинг давоми бўлади. Бошқача қилиб айтганда, келгуси йил жамиятимиз ҳаётида инвестиция ва ижтимоий соҳадаги ривожланишнинг янги босқичига кўтарилади инша Аллоҳ.
Инсон умр кечирар экан, унга берилган умрни қадрига етишлиги, яхшилик ва эзгуликка сарфламоқлиги лозим. Аллоҳнинг ҳузурига борганида ундан энг аввало “Умрингни нимага сарфладинг” деб сўралар экан. Шунинг учун динимизда умрнинг аҳамияти жуда катта. Ҳар бир инсон ўзига берилган умрни сарҳисоб қилмоқлиги даркор.
Юртимиздан чиққан алломаларимизнинг хаёт йўлларига назар соладиган бўлсан, оддий инсон юз йилда ҳам қилаолмайдиган хайрли ишларни қилиб ўтганлар. Улар қолдирган бой маънавий меъросидан нафақат биз, балки бутун дунё фойдаланиб келмоқда. Бу умрдан унумли фойдаланмоқлик демакдир.
Инсоният ўзининг умрини ҳисоб-китоб қилишлиги учун турли тақвимлардан фойдаланиб боради. Масалан ҳижрий тақвимни оладиган бўлсак. Ҳижрий тақвим бутун мусулмонларни, ҳусусан бизларнинг ҳам ибодатларимизни тўла-тўкис адо қилишлигимиз учун керак тақвим ҳисобланади. Қачон рамазон ойи киради, қачон Зулҳижжа ойи киради каби ойларни билишлигимиз ва шу асосида Рўза ибодатлари, Ҳаж ибодатларини каби ибодатларимизни адо этишлигимизни билдиради.
Лекин, ҳижрий-қамарий ҳисобимизнинг дунёдаги қилаётган бошқа ишларимизга ишлатаолмаймиз. Чунки, милодий йил ҳисобидан ҳижрий йил ҳисоби ҳар йили ўн икки кундан олдинга сурилиб туради, яъни ой чиқишига қараб. Шунинг учун ҳам ҳижрий-қамарий йил ҳисоби деб юритилади.
Шунинг учун ҳам биз бу ҳижрий ҳисобни хаётмиз мобайнида қиладиган бошқа ишларга ишлатаолмаймиз. Ибодатдан бошқа ишларимизни эса биз, бутун дунё фойдаланиб келаётган милодий йил ҳисобида юритамиз. Милодий йил эса Григориян тақвими бўйича юритилинаётган йил ҳисобланади. Яъни бу милодий йилнинг ҳисоби қуёш чиқиши ва ботишига қараб олинганлигидан ҳисобланган. Милодий йилнинг ҳеч қандай бизнинг динимизга тааллуқли ёки динимиз билан қораланадиган жойи йўқ. Фарқи эса, ҳижрий йил ой чиқиши билан боғлиқ бўлса, милодий йил ҳисоби қуёш чиқиши ва ботиши билан боғлиқ. Шу милодий йил ҳисобида бизнинг туғилган ёшимиз белгиланади, милодий йил ҳисоби билан ҳар йили экин экишлик учун уруғ қадаймиз. Юртимизда ҳам шу милодий йил ҳисобида барча ишларни бажарамиз.
2019 йилда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги томонидан бир қатор хайрли ва мақсадли ишларни қилишлик режалаштирилган.
Шунинг учун ўтиб борган 2018 йилда қилган барча хайрли ишларимизни Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ватаоъло ўзи даргоҳида қабул айласин.
2019 йилда эса қиладиган барча ишларимизни Аллоҳнинг ўзи ёру-мададкор бўлсин.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби
Нуриддин домла Холиқназаров