Барчамизга маълум ва равшанки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ҳоҳлайди. Ислом дини таълимотига кўра фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат бўлиши билан бирга у ота- онага топширилган маъсулияти жуда катта омонат ҳамдур. Уни ақлан ва жисмонан соғлом ҳолда парвариш қилиш, одоб-ахлоқни ўргатиб бориш ҳар бир ота – онанинг вазифаларига киради. Оиладаги соғлом муҳит, тўғри тарбия фарзанднинг келажакда оладиган билим ва касб ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Шу хусусда Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадис шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Фарзандларингизни ҳурмат қилинглар ва одобини чиройли қилинглар», яна бир ҳадисларида: «Бешикдан то қабргача илм истанглар», деб айтганлар.
Фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиши, Ватанпарвар руҳида тарбиялаш ва турли касб-ҳунарларни эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, дўстлари ким, қайси кўчада юрибди, нималарга қизиқиши бор, деб суриштирмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди. Ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканлигини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдай олтин даврни ғанимат билиб илм- фан, касб ҳунарни эгаллаш, Ватанига муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-оналар тушунтиришлари айни муддаодир. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин- мусулмонлар имон-эътиқодли, ватанпарвар ва меҳнатсевар ва ҳар томонлама етук инсон бўлишлари керак. Шундай экан фарзандларимизни зарурий бўлган ҳар соҳадаги илм ва касб ҳунарларда етук инсон қилиб тарбиялашимиз керак. Шу билан бирга дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, уй-рўзғор ишидан тортиб, риёзат ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб тарбияламоғимиз керак.
Ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари йўлида ҳукуматимиз томонидан жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда. Уларнинг фойдали илм ва касб-хунарларни пухта эгаллашлари учун етарлича шарт – шароитлар яратиб берилмоқда. Бу каби имкониятларни қадрлаш ва улардан унумли фойдаланишларда фарзандларимизга ҳар томонлама кўмаклашиш биз катталарнинг вазифамизга киради.
Фарзандларимизни имон-эътиқодли,ватанпарвар, илму-ирфонли, комил инсонлар бўлиб етишишларини истар эканмиз, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик қадрини, миллий ва диний қадриятларимизни бемалол, хотиржамлик билан тиклаб, ривожлантиришга, ислом арконларини баркамол адо этишимизга яратилган имкониятларни улуғ неъмат эканини англаган ҳолда Ватанимиз тараққиёти ва унга муҳаббат, ҳалқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илмли, маърифатли ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун қўлимиздан келганича ёрдам кўрсатиш бизнинг асосий мақсадларимиздан бўлиши лозим.
М. Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом -хатиби