Инсонни гўзал фитратда яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Шафоатчимиз пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.
Ватан тушунчасининг экстремистик оқимлар бузиб кўрсатаётган кўриниши ва ислом уламоларининг бу тушунчага берган маъноларини таққослашга ҳаракат қиламиз.
Экстремистик оқимлар ватан деганда нимани тушунади? Охирги 80 йил давомида бу саволга ислом номидан чиқаётган оқимлар ва гурухлар сабабли хато тушунча ва бузуқ кўриниш пайдо бўлишига олиб келди. Бунинг сабаби эса уларнинг “Ватанга муҳаббат”, “Ватанни қадрлаш” каби сўзларга ислом шариати асосида маъно бермаслигидир. Экстремистик оқимларнинг Ватан тўғрисидаги бузуқ ақидалари асосан қуйидагилардан ташкил топган:
– Ватан – бир ҳовуч тупроқ, ва у ҳеч қандай қийматга эга эмас;
–Ватанга муҳаббат – бу шундай ахмоқона инсоний ҳиски, худди одамнинг гуноҳга қизиқиши ва рағбати кабидир. Биз эса ундан гуноҳдан сақлангандек сақланишимиз ва унга қарши туришимиз шарт;
– Ватан тушунчасини инкор қилмоқ зарур. Бундай тушунча ҳам йўқ, балки бунинг акси ўлароқ халифалик ва жамоат(уммат бирлиги) тушунчалари бор;
– Ватан – босқинчилар томонидан чизилган географик чегара. Шу сабабдан биз ундан нафратланамиз ва уни тан ҳам олмаймиз;
– Ватан – одамлар яшашдан мамнун бўлган ер деб биладилар, ҳолбуки Аллоҳ унинг муҳаббатини таънақилган;
– Бирорта оят ёки ҳадис йўқки унда ватанни севиш айтилган бўлса.
Юқоридаги гаплар бир қараганда тўғридек туюлиши мумкин. Аслида эса булар нотўғри талқинлар ҳисобланади. Қуйида эса экстремистик оқимларнинг ватан ҳақидаги бу саволларига ислом уламолари шундай жавоб беришган:
“Ватан – бир ҳовуч тупроқ ва у ҳеч қандай қийматга эга эмас”.
Бундай Ватан ҳақидаги фикр у ҳақида ҳақоратомуз саналади. Чунки Ватан қийматсиз тупроқнинг ўзи эмас. Ватан бу халқ, тамаддун, тарих,ғалабалар ва у ҳудудий ва халқаро қийматга эга. Бундан ташқари у халқаро, сиёсий ва мафкуравий таъсирга эга. Ватанимиз тарихи ислом ҳуқуқшунослиги ва фаннинг турли соҳалари ривожига ҳисса қўшган олимларнинг вужудга келишига сабабчи бўлган. Энди кимда ким Ватанни фақатгина бир сиқим тупроқдан иборат деб билса, юқоридаги олимлар меҳнати вужудга келишига ношукрлик қилибди ва ўзига ватан ҳақида хато ва бузуқ тушунчаларни сингдирибди.
“Ватанга муҳаббат – бу шундай ахмоқона инсоний ҳиски, худди одамнинг гуноҳга қизиқиши ва рағбати кабидир. Биз эса ундан гуноҳдан сақлангандек сақланишимиз ва унга қарши туришимиз шарт”.
Бу тушунча хато ва бузуқ ҳисобланади, чунки бунда гуноҳларга бўлган шаҳват Ватанга муҳаббатдек олийжаноб ва инсон фитратидаги табиий туйғу билан қўшиб юбориляпти. Ад-Динаварий ўзининг “Ал-мужаласа ва жаваҳирул илм”китобида ал-Асмаийнинг шундай сўзларини келтирган: Бир куни мен Бадавийнинг ушбу сўзларини эшитдим: “Агар сен бир инсоннинг қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унинг Ватанини соғинишига боқ”
“Ватан тушунчасини инкор қилмоқ зарур. Бундай тушунча ҳам йўқ, балки бунинг акси ўлароқ халифалик ва жамоат(уммат бирлиги) тушунчалари бор”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинада турган ҳолда ўз ватанлари Маккани соғинишларининг ўзи юқоридаги маънонинг хатолигига кифоя қилади. Бундан ташқари мусулмоннинг бир юртга тегишли бўлиши ва уни яхши кўриши мусулмоннинг мусулмончилигига халал бермайди. Баъзида инсонда ватанга бўлган муҳаббат йўқолади ва бунинг натижасида ундан ватани, халқи ва оиласи юз ўгиради. Баъзида эса ватанга бўлган муҳаббат ошиб кетиб миллатчи бўлиб қолиши мумкин. Мусулмон инсон эса бу икки чегаралардан узоқ юрмоғи даркор.
“Ватан – босқинчилар томонидан чизилган географик чегара. Шу сабабдан биз ундан нафратланамиз ва уни тан ҳам олмаймиз”.
Ватанга босқинчилар томонидан чегараланган ҳудуд сифатида таъриф бериш бу ўта тор фикрлаш ва хато йўналишдир. Ватан тупроғи минглаб йиллик тарихларни ўзида мужассамлаштиради. Ватаннинг чегаралари ҳам жуда қадимларга бориб тақалади, бу эса уни сақлаш ва муҳофаза қилиш лозимлигини кўрсатади. Ватан чегаралари юқори даражали келишувлар асосидагина ўзгартирилиши мумкин. Бунга мисол қилиб Европа иттифоқини кўрсатиш мумкин. Ватан бу тарих, фан ва маданиятлар уйғонишининг бешиги ва дунё тан олган буюк давлат демакдир. Бунга Ўзбекистон Ватанимиз ёрқин намуна десак хато бўлмайди.
“Ватан – одамлар яшашдан мамнун бўлган ер деб биладилар, ҳолбуки Аллоҳ унинг муҳаббатини таъна қилган”.
Буюк олим Мулла Алиюл Қорий роҳимаҳуллоҳ эса ўзларининг машҳур “Мирқотул мафотих” китобларида: Ватандан айрилиш катта синов эканлигини айтиб, бунга мисол Аллоҳнинг қуйидаги сўзидадир: “Бас сизларни чиқарган жойдан уларни чиқарингиз!”(сўзидан кейин) Фитна қотилликдан ҳам ашаддийрокдир ” (Бақара 191-оят) деганлар.
Ватан муҳаббати борасида кўплаб олимлар асарлар ёзганлар ва кўплаб олимлар бу ҳақда ўз китобларида келтирганлар. Очиқ қалб билан ўқиб ватан нималигини тушуниш учун юқоридаги фикрлардан хулоса чиқариш қийин эмас. Аллоҳ барчамизга ҳақни танитсин ва унга эргашишни насиб қилсин!
Отабек Хусанов
Олтинкул туман
“Жалабек ота” жоме имом-хатиби