Уйда қолиб илм истанг

1155

Бутун ер юзи аҳолиси учун қаттиқ синовли кунлар бўлмоқда. Барча мамалакатларда пандемияга қарши кенг кўламдаги чоралар кўрилмоқда. Юртимизда ҳам халқимиз саломатлиги учун бор имкониятлар сафарбар қилинмоқда. Муҳтарам Президентимиз 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселекторда бу ҳақда шундай деди:

Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз.

Касалликдан сақланиш ҳар биримизнинг нафақат шахсий ишимиз, балки бутун жамият олдидаги бурчимиз ҳамдир. Бир кишининг эътиборсизлиги бир неча кишига зарар етказиши мумкин. Бир неча кишиники эса… Худо сақласин.

Касаллик тарқашига қарши энг самарали чора уйда қолишлиги бугунги кунда барчамизнинг шиоримизга айланмоқда. Уйда қолиб ҳам оиламиз учун, элу-юрт учун манфаатли ишлар қилишга кенг имкониятлар барпо бўлмоқда. Онлайн дарсликлар шулар жумласидандир.

Ҳукуматимиз бизларга шунча ғамхўрлик қилиб турган бир дамда, шунчалик шароитлар муҳайё бўлган бир дамда уйда ўтириб, вақтимизни фойдали ишларга ва фойдали илмларга сарфламаслик ҳам ноинсофликдир. Илм учун ҳар бир имконият ва ҳар бир дақиқа ғаниматдир.

Илм ўрганишга имконият бор экан, уни зое қилмаслик керак. Ибн Масъуд (разияллоҳу анҳу)  айтади:

«Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: «Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса», деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш, таълим олиш билан эгалланади». 

Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтадилар:

«Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир».

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар:

«Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади». 

Олимлардан бири айтади:

«Ким илм ва ҳикматни қўлига юган қилиб ушласа, одамлар уни ўзига имом қилиб олади. Ким илму ҳикмат билан танилса, бошқалар унга ҳурмат билан қарайди». 

Аҳнаф ибн Қайс (р.а.) айтадилар:

«Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати xорликдир». 

Луқмон (алайҳис салом) ўғлига бундай насиҳат қилганлар:

«Эй ўғлим, сен олимлар билан ўтир. Уларнинг орасига кир, чунки Аллоҳ таоло ерни осмон суви билан тирилтиргани каби, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради». 

Ҳукамолардан бири айтади:

«Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлар, осмондаги қушлар йиғлайди. Унинг жисми йўқ бўлса-да, чиройли зикри унутилмайди». 

Зуҳрий айтади:

«Илм мардликдир. Уни фақат мард эркаклар севади». 

Ҳукамолардан баъзиси айтади:

“Амал дуруст бўлиши учун тўрт нарса кeрак бўлади. Аввало, амални бошлашдан олдин илм лозим. Чунки амал фақат илм билан яхши бўлади.

Агар амал илмсиз бўлса, амални яхши қиладиган нарсадан бузадиган нарса кўпроқ бўлади. Кeйин амалнинг бошида ният лозим. Чунки амал ният билан солиҳ бўлади.

Расулов Одилжон

Марҳамат туман

“Бозорбоши”

жоме масжиди имом-хатиби