Шаръий никоҳ ноқонуний бўлмасин!

1155

Инсоннинг бахту камоли, жамиятда қандай мақомга эга бўлиши кўп жиҳатдан оилага, ундаги маънавий муҳит барқарорлигига боғлиқ. Лекин юз бераётган оилавий ажримлар туфайли ота меҳридан бенасиб вояга етаётган фарзандлар ҳам, афсуски, кўпайиб бормоқда.

Оилавий ажримдан, аввало, аёл, вояга етмаган бола азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, афсуски, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги савол  остида қолмоқда.

Ажримларнинг олдини олиш, оилани мустаҳкамлашга тарғиб қилишга масъул бўлган шахсларнинг шаръий никоҳни ноқонуний бўлишига сабабчи бўлишлари янада ачинарли ҳолатдир. Шаръий никоҳни белгиланган тартибларга зид равишда норасмий шахс томонидан ўқилиши эса ушбу никоҳни ноқонуний бўлишига олиб келади.

Бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ишлар олиб борилмоқда. Олиб борилаётган амалий ва тарғибот ишларига қарамай, ноқонуний никоҳлар учраб турибди.

Ҳозирги кунда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда одамлар орасида «мулла» ёки «домла» деб танилган кимсалар мана шундай ишларга қўл ёраётганлари кузатилмоқда. Масалани чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилсак, бу ишлар жуда хато эканига амин бўламиз.

Чаласавод, яъни диний ва дунёвий илмларни эгалламаган, тегишли ҳужжат – шаҳодатномаси йўқ, ўзини ўзи «домла» деб номлаб, шаръий ҳукмларни билмаган, ҳатто, оддий шаръий масалаларни ҳам англамайдиган киши қандай қилиб, шаръий никоҳ ўқиш каби масъулиятли ишга қўл уруши мумкин.

Мана шундай норасмий шахслар ўзбошимчалик билан никоҳ шартларига амал қилмай, сўраб-суриштирмай, тиббий кўрик хулосаси ва ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномасини олмаган, яна ачинарлиси, никоҳ ёшига ҳам тўлмаган ёшларнинг никоҳларини ўқиши оқибатида турли салбий ҳолатлар юз бермоқда.

Масалан, она ва бола саломатлигига жиддий зиён етмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига шикоят қилинаётган оилавий масалаларни таҳлил қилинса, аксар ҳолда ФҲДЁ рўйхатидан ўтмаган оилаларда ажрим кўплиги ва бундай ҳолларда аёллар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмаётганлари маълум бўлмоқда. Натижада, оилалар пароканда бўлиб, болалар тирик етим бўлиш каби нохуш ҳолатлар юзага келмоқда.

Ҳозирги кунда, шаръий никоҳ ўқишга лойиқ бўлмаган, норасмий кишилар томонидан никоҳ ўқилиши юқоридаги бир қанча муаммоларга сабаб бўлаётгани учун бундай шахсларга жавобгарлик қўлланмоқда. Агар ноқонуний никоҳ ўқишга чора кўрилмас экан, жуда кўпчилик оилалар бундай ўзбошимчаликдан зарар кўриши аниқ.

Шаръий никоҳ шартларига ҳукумат томонидан берилган  Фуқаролик ҳолати бўйича далолатнома ёзиш гувоҳномаси бўлишини ҳам муҳим шартлардан бири деб эътироф қилиш ўринлидир. Норасмий кишиларнинг ушбу гувоҳномани суриштирмай никоҳ ўқишлари ёш оилаларнинг ижтимоий ҳуқуқларини камситиш бўлса, расмий имомларнинг бундай гувоҳномани сўраб, сўнг никоҳ ўқишлари ёш оиланинг ижтимоий ҳуқуқини муҳофаза қилишдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳ маросими диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани баён қилинган. Шаръий никоҳдан ўтиш учун келин-куёвлардан талаб қилинадиган шарт ва одоблар бор.

Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Шундай экан, мамлакатимизда оила давлат ва жамият ҳимоясида. Бинобарин, уни мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаро, айниқса, масъул лавозимда ўтирган шахслар зиммасидаги энг муҳим вазифадир.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати