Маълумки, ислом динида инсон доимо пок бўлиб юришига алоҳида эътибор берилади. Бу нарсани барча ҳадис ва фиқҳий китобларда кўришимиз мумкин. Ҳадис китобларнинг ҳаммасида бўлмаса-да, фиқҳ китобларининг барчаси покланиш боби билан бошланади. Бу эса исломнинг ҳар бир ишни, юриш-туришни покланиш билан амалга ошириш кераклигини кўрсатади. Мусулмонлар кунлик қилиб юрадиган таҳоратда энг керакли аъзолар ювиб турилади. Масалан, оғиз-бурунни чайиб туриш эса гриппдан ва шунга ўхшаш вируслардан, юқумли касалликлардан сақлайди. Намоз ўқигувчига кийимларини поклашга ҳам тарғиб қилинган. Бу эса кишининг доимо пок ҳолда ва тоза кийим билан юришини таъминлаб туради. “Муддассир” сурасида “Кийимингни покла” ояти ҳам мисол бўла олади. Имом ат-Термизий ривоят қлган мақтуъ ҳадисда:
سَعِيدَ بْنَ الْمُسَيَّبِ يَقُولُ إِنَّ اللَّهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ Саъид ибн ал-Мусаййаб: “Аллоҳ яхшидир яхшиликни яхши кўради, покдир покликни яхши кўради”, деган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) инсонда нафақат тана поклиги яъни, суврати гапирдилар балки қалби, сийрати ҳам маънавий пок бўлишига даъват этганлар. Шунингдек, пайғамбаримиз инсонлар ҳаёти, уларнинг жамиятдаги соғлом фикрга эга бўлиб тарбияланишига ҳам алоҳида аҳамият берганлар. Инсон маънавий жиҳатдан пок бўлишига қуйидаги оят ҳам яққол мисол бўла олади. “Анкабут” сурасининг 45 оятида “Намоз ўқинг. Албатта, намоз фаҳш ва нотўғри ишлардан қайтаради” дейилган.
Демак, ислом бир вақтнинг ўзида ҳам жисмоний покликка, ҳам маънавий покликка алоҳида эътибор беради ва уни диннинг асосий амалларидан бири сифатида кўради.
Пайғамбаримиз (сав) “Беш нарса фитратдандир, деганлар. 1. Ҳаром тукларни олиб юриш. 2. Хатна қилдириш. 3. Мўйлабни қисқартириб юриш. 4. Қўлтиқ остини тозалаш. 5. Тирноқларни олиб юриш”. Бу ҳадисни яхши тушуниб амалда қўллаш катта фойда беради. Ҳозирда тирноқ ўстириб юриш ва турли ясама тироқлар қўйиш одат тусига кирган. Биз тирноқ остида кирларнинг тез тўпланиб қолиши ва натижада касаллик келтириб чиқариши тўғрисида ўйламаймиз. инсон ўзини турли касалликларга гирифтор қилади. Ҳолбуки ўзини қилиб турган ишларига қарамайди. Ҳозирги кунда юртимизда ва бутун дунёда тарқаган “Коронавирус” барча инсонларни ҳавотирга солди. Бу вирусдан қутилишнинг бирдан-бир йўли Аллоҳга қайтиш ва суннатларни иҳё қилишдир. Аллоҳим ўзи бизларни турли касаллик ва балолардан ўз паноҳида сақласин.
Сотволдиев Саидбурхон
Шаҳрихон туман
“Жўрабой”
жоме масжиди имом-хатиби