Ота-оналаримиз ғанимат

1319

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлса ёки умридан камайтирилган бўлса, албатта, у Китобда (Лавхул-Махфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллохга осондир” – деб мархамат қилган. (Фотир сураси 11 оят) Инсон зоти дунёга келган вақтда жуда заиф ва нимжон бўлади. Аста-секин катта бўлиб қувватга тўлади. Йиллар ўтиб кексайган сари яна қуввати кетиб , заиф бўлиб қолади. Бу хақда Аллох Ўзининг каломида: “Аллох шундай зотдирки, Сизларни заиф нарсадан (бир томчи сувдан) яратди, сўнгра (сизлар учун) заифликдан кейин (қувват пайдо) қилди. Сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қариликни (пайдо) қилди. У Ўзи хохлаган нарсани яратур. У билимдон ва қудратлидур” – деб мархамат қилган (Рум сураси, 54-оят). Дархақиқат ёши улуғ мўйсафид отахон ва онахонларни борлиги, уларнинг хаётлиги сизу-бизлар учун жуда улуғ неъмат. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган чорва хайвонлари ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келган бўларди” – деб таълим берадилар. Бошқа бир хадисда мархамат қилинади: “Мўйсафид мусулмон кишини хурмат қилиш Аллох таолони улуғлаш демакдир. Чунки уларга яхши муомала қилишни Аллох буюради. Аллохнинг амрига итоат этиш эса Аллохни улуғлашдир. Халқимизда яна “Қари билмаганни пари билмас” деган ажойиб нақл хам бор. Пайғамабаримиз (с.а.в.): “Катта ёшдагилар билан хамсухбат бўлинглар, улардан масалалар сўранглар ва донолар билан аралашиб туринглар” – деганлар. Бошқа хадиси шарифларида: “Сизларнинг яхшиларингиз узоқ умр кўриб, кўпроқ яхши амаллар қиладиганларингиздир” – дедилар. Дархақиқат мусулмон кишиси ёши улғайган сари Аллох таолонинг унга берадиган даражалари хам ортиб боради. Бу сўзимизга ушбу хадис далил бўла олади. Пайғамбар (с.а.в.) “Бир мусулмон банда қирқ ёшга етса, Аллох унинг хисобини енгил қилади. Олтмиш ёшга етганда, Аллох у бандани тавба қилишга муваффақ қилади. Етмиш ёшга етса, унга осмон ахллари (фаришталар) мехр қўядилар. Саксон ёшга етганда, Аллох унинг яхши амалларини қолдириб, ёмон амалларини ўчириб юборади. Тўқсон ёшга етганда эса, Аллох унинг барча гунохларини мағфират қилади. Хамда осмонда бу одам хақида “Аллохнинг ердаги асири” деб ёзиб қўйилади” – дедилар. Албатта ёшимиз улғайиб, кексалик мақомига етар эканмиз шундай даража ва савобларга эга бўлиш учун чиройли ибодатда, шукрда, сабрда энг асосийси Пайғамбаримиз хулқлари билан хулқланиб борсак мақсадга мувофиқ бўлади. Афсуски, оз бўлсада хозирги кунда кексайиб қолган ота-оналарининг ёки қариндошларининг холидан хабар олмайдиган, хонадонни баракаси бўлиб турган ота-онани ёки улардан бирларини хизматини қилиб дуоларини олмасдан, ўзлари рохату фароғатда яшаётган, вақти йўқлиги, вазифалари мухимлиги ва шунга ўхшаш турли бахоналарни рўкач қилувчи бемехр, тошбағир, дунё ишлари-ю бойликка муккасидан кетган кишиларга қаратиб ҳадиси шарифда шундай дейилган. “Аллоҳ таоло қиёмат куни айтади: “Эй инсон фарзанди! Бетоб бўлдим, мени келиб кўрмадинг”, у одам айтади: “Эй Роббим, Сен бутун оламнинг Парвардигори бўла туриб, мен сени қандай қилиб кўришим мумкин эди?” Аллох айтади: “Фалончи одамни бетоблигида бориб кўрмадинг-ку, агар борганингда, унинг олдида Мени топган бўлур эдинг. Эй инсон фарзанди! Ўзинг овқатландинг, аммо мени йўқламадинг”. Одам айтади: “Эй Роббим, Сен бутун олам подшохи бўлсанг, мен сени қандай овқатлантиришим мумкин эди? ” Аллох айтади: “Фалон бандам овқат сўраб олдингга борганида, сен унга таом бермадинг. Агар таом берганингда эди, унинг хузурида Мени топган бўлур эдинг. Эй инсон фарзанди! Мен сендан сув сўрадим, сув бермадинг!” Одам айтади: “Эй Роббим, Сен бутун оламнинг Парвардигори бўлсанг мен Сенга қандай қилиб сув беришим мумкин эди?” Аллох айтади: “Фалон бандам сув сўради, сен унга сув бермадинг. Агар сув берганингда, Мени унинг хузурида топар эдинг”. (Муслим ривояти). Ушбу Ҳадиси Қудсийда ёрдамга мухтож барча кишиларга кўмаклашиш, уларнинг оғирини енгил қилиш кераклиги баён қилинган. Набий (с.а.в.) дедилар: “Ким қари ота-онасига ёрдам бериш учун ҳаракат қилса, Аллоҳнинг йўлидадир, ким кичик болалари учун ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳнинг йўлидадир, ким одамлардан бехожат бўлиши учун ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳнинг йўлидадир. Энди, ким одамлар кўрсин, эшитсин, деб ҳаракат қилса, у шайтоннинг йўлидадир ”
Ота-онани хурмат қилмаган, қадрига етмаган баъзи бир кимсаларга айтиб ўтишлигимиз лозим бўладики, сиз хам фарзанд ўстиряпсиз, бу дунё қайтар дунё, эртага ёш фарзандингиз вояга етиб, ўсиб, улғайиб сиз учун чиройли хизмат қилишига кафолат бера оласизми? Афсуски бу хатоларни ўзингиз хам кексалик ёшига етганингизда тушуниб етасиз, вахолангки, унда кеч бўлади. Шу ўринда бир ривоятни эслаб ўтамиз, бир йигит нонвойхонадан хар куни беш дона нон олар экан. Нонвой таажжубланиб бир куни сўради: “Ака хар куни бешта нон оласиз, тўртта ҳам эмас, олтита ҳам эмас, бунинг сабаби нимада?”. Шунда йигит: “Иккитасини қарзимга бераман, иккитасини қарзга бераман, биттасини ўзим ейман”-деб жавоб берибди. “Қизиқ, қарзингизга бериб, ҳам қарзга беришингизни тушунмадим”-дебди нонвой. “Ота-онам мени боқиб катта қилишган, олдиларида қарздорман, иккита нонни уларга бераман. Иккита фарзандим бор, ҳали қўлларидан хеч иш келмайди, иккитасини уларга қарзга бераман”-деб жавоб берибди. Қиссадан хисса шуки, фарзандларимизга бераётганларимиз ҳам бурчимиз ҳам қарз бўлади, иншааллоҳ бир куни қайтади. Ота-оналаримиз олдидаги қарзларимизни узган бўлсак бизга ҳам қайтади. Агар ота-онани қадрига етмасак, улар қариганларида хору-зор қилган бўлсак, фарзандларимиздан ҳам шу қайтиши мумкин. Қайтар дунё бу дунё. Аллоҳ таоло эл- юртларимизни тинч қилсин, хар хил бало офатлардан Ўзи панохида сақласин, ораларимиздаги барча ёши улуғ кишиларни соғ-саломат сақласин. Доимо юртимиз тинчлиги учун хамда бизлар учун дуогўй бўлиб юришларини насиб этсин. ОМИН.

Далварзин жомеъ масжиди имом-хатиби И.Ортиқов.