Айни кунимиздаги воқеликка назар

2020 йилда бутун дунё коронавирус пандемиясига қарши кураш билан банд бўлган, давлатлар ўз фуқароларининг саломатлиги борасида қайғураётган, одамлар эса қийинчиликларга дуч келаётган бир паллада экстремистик кучлар ўз қинғирликларини фаоллаштириш пайида бўлмоқда.

Бу ҳолатни охирги пайтларда Сурия ва Ироқ ҳудудларидаги жангарилар уруш ҳаракатларини олиб бораётгани ва мана шундай жанг майдонларига жоҳил ёшларни жалб этаётганларидан яққол кўриш мумкин.

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда ҳам мана шундай жангари тўдалар етакчиларининг пуч ваъдаларига алданиб, уларга бориб қўшилишга уринаётганлар кузатилаётгани билан фикримизни янада очиқ баён этамиз. Яқинда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами аъзолари 25 нафар бўлган иккита яширин «Жиҳодчилар» гуруҳлари фаолиятига чек қўйилди.

Гуруҳларнинг бири 2019 йилнинг май ойида ташкил этилиб, унга етакчилик қилган шахс ўтган йил ноябрь ойида Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчи ташкилоти сафига бориб қўшилган. Иккинчи гуруҳ эса муқаддам экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун жазо муддатини ўтаб чиққан фуқаро томонидан тузилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, биринчи гуруҳ аъзоларининг аксарияти ҳозирда Суриядаги жангарилар сафида бўлган ўз етакчиси билан интернет орқали мунтазам равишда алоқа қилиб турган. Ўзаро йиғинларда гуруҳлар аъзолари экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш тўғрисидаги аудио-видео маърузалари ҳамда даъватларини тинглаб, “Жиҳодчилар” оқими ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келишган.

Мавжуд маълумотларга кўра, мазкур шахслар ҳозирда Сурияда террорчилик фаолияти олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” жангариларининг ғоявий таъсирига тушган ҳолда Тошкент шаҳрида яширин гуруҳ тузиб, йиғилишлар давомида интернет тармоғи орқали кўчириб олинган экстремистик мазмундаги материалларни муҳокама қилиб келишган ҳамда гўёки “ҳижрат” ва “жиҳод” амалларини бажариш мақсадида Сурия давлатига чиқиб кетишни режалаштиришгани аён бўлди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур гуруҳлар аъзолари орасида хусусий нашриёт раҳбари, тиббиёт ходими, араб тили курси ўқитувчиси, умумий овқатланиш муассасалари ишчилари ва тижорат ишлари билан шуғулланувчи шахслар ҳам борлиги ҳар бир оқил инсонни чуқур ўйга толдиради.

Маълумот ўрнида “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчи ташкилоти ҳақида мухтасар. Ушбу ташкилот 2014 йилда Сурия ҳудудида “Жаннат ошиқлари” ва “Ислом жиҳоди иттиҳоди” гуруҳларининг бир қисм жангариларининг иттифоқи асосида шаклланган халқаро террорчи ташкилотдир. Уларнинг асосий мақсади минтақаларда “жиҳод” орқали амалдаги давлат тузумини ағдариш, сўнгра эса гўёки барча мусулмонларни бирлаштирувчи ягона “ислом халифалиги”ни ўрнатишдир. Ташкилот аъзолари асосан Марказий Осиё давлатлари фуқароларидан иборат бўлиб, унга қирғизистонлик шахс етакчилик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига мувофиқ “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террорчи ташкилоти деб эълон қилинган ва фаолияти тақиқланган.

Сўнгги вақтларда мана шундай ташкилотларнинг сафига қўшилиб қолаётган фуқаролар республикамизнинг Андижон, Фарғона, Жиззах, Сурхондарё каби вилоятларида учраётгани барчамиздан янада ҳушёрлик ва огоҳликни талаб этмоқда, шунингдек, бундай бузғунчи оқимларнинг ботил даъволарига қарши тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб боришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, бузғунчи оқимлар “жиҳод”, “ҳижрат” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиб, бу йўлга ҳали Исломни яхши тушунмайдиган кишиларни, айниқса, ёшларни жалб этаётганлари сабабли бу каби тушунчалар аслида қандай изоҳланиши ва уларни ғаразли талқин этишнинг оғир гуноҳ экани ҳақида қуйида баён этамиз.

Ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчилар ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид”, “такфир” каби тушунчаларни турли шахсларнинг фатволарига таянган ҳолда интернет сайтларида ғаразли талқин этилмоқда. Бундай талқин ёшлар онгида Ислом гўё, ёвузликка, жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган каби ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда интернет тармоғида экстремистик руҳдаги кўп сайтлар фаолият юритмоқда, уларнинг ҳомийлари инсонларни “жиҳод” қилишга, сабабсиз ўз юртидан “ҳижрат” қилиб, чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса ёки “раҳнамолар” суҳбатида иштирок этиб қолса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан. Шунинг учун қуйида ушбу диний тушунчалар аслида қандай изоҳланишини батафсил баён қиламиз.

 

“Жиҳод” тушунчасидан ботил мақсадларда фойдаланманг!

“Жиҳод” сўзи луғатда ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бор кучини сарфламоқ, ўз юртига ёв бостириб келганда қарши курашмоқ каби маъноларни ифодалайди. Шунингдек, бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга жидду жаҳд қилиш маъносини ҳам англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб, ҳаракат қилган йирик олим “мужтаҳид” деб аталади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “жиҳод” сўзи айрим кимсалар иддао қилаётганидек “уруш” маъносини англатмайди. Араб тилида уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Уруш маъносини англатиш учун, асосан, “қитол” сўзи ишлатилади. “Жиҳод” сўзининг луғавий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, маълум даврларда халқларнинг босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Кейинчалик ушбу охирги маъно бошқаларидан устун келиб, “жиҳод” кўпроқ қўлланиладиган бўлди.

Бир ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: “Жиҳоднинг энг афзали кишининг ўз нафсу ҳавосига қарши курашмоғидир”, – деганлар (Ибн Можа ривояти). Макка даврида Набий алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг: (Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўли (дини)га, ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125), – деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган манфур мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишяпти. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг қони ноҳақ тўкилишига сабабчи бўлмоқда. Бунга дунёнинг турли нуқталарида “жиҳод” ёки “шаҳидлик” ниқоби остида амалга оширилаётган қўпорувчиликлар мисол бўлади. Айниқса, яқин ўтган кунларда Афғонистон, Сурия ва Ироқ ҳудудларида бўлаётган худкушликлар ёки террорчи ҳужумлар оқибатида бегуноҳ қариялар, аёллар ва ёш болаларнинг ўлими кўпайгани жуда ачинарли ҳолдир. Бундай минтақаларда ҳатто Аллоҳнинг уйи – масжидларда ҳам қўпорувчилик содир этилаётгани ё минглаб бегуноҳ гўдаклар ҳаётдан кўз юмгани каби жуда оғир мусибатлар террорчи кучларнинг динга ва инсониятга қарши нақадар шафқатсиз эканини намоён этмоқда.

Бундай нобакор кимсалар интернет ва ижтимоий тармоқлардан жуда усталик билан фойдаланишмоқда. Биргина “Facebook” ижтимоий тармоғида ва “Youtube” каналларида бир қанча гуруҳлар очиб, сохта ғояларини мунтазам равишда тарқатиб, кўпайтириб боришяпти. Террорчилар ўзларига тегишли  саҳифа ва каналларда “жиҳод” ва “ҳижрат” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга эришаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Шу ўринда машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг террорчилар хусусида айтган қуйидаги сўзларини келтириш лозим: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”

Ислом динида бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом дини ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар динга эътиқод қўйгани ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.

“Ҳижрат” сўзини ғаразли йўлда ишлатманг!

Бу сўз луғатда “кўчиш, тарк этиш” демакдир. У икки хил бўлади. Биринчиси, фарз ибодатларини бажаришга умуман имкон бўлмаганида, зулмлар кўпайганида дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлидаги маконий ҳижратдир. Иккинчиси, гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш маъносидадир. Шу маънодаги ҳадисларда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қатор кўрсатмалари баён қилинган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали Аллоҳ таоло қайтарган нарсани тарк этмоқдир”, – дейилади (Имом Аҳмад ривояти).

Айрим нобакорлар ўз юртларида кечириб бўлмас жиноятларни содир қилганлари учун ўзга юртга қочиб, мусулмонларни, масжидларда азонлар янграётган, намозлар ўқилаётган, рўза тутиб, закотлар улашилаётган, хуллас, Исломнинг барча арконлари эмин-эркин адо этилаётган осуда Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ҳолбуки, ўз юртига қарши қурол кўтариш ёки исён қилиш Ислом таълимотига бутунлай зид экани барчага маълум.

Бугун бузғунчи кучлар Қуръони каримдаги “Тавба” сурасининг 24-ояти мазмунини ўзларининг ғаразли мақсадларига буришга интилмоқда. Ваҳоланки, бу оятнинг ҳукмига кўра, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида маккалик мўминлар динларини ҳимоя қилиш учун Мадина шаҳрига ҳижрат қилишлари буюрилган эди. Муфассирларнинг таъкидлашига кўра, бу оятнинг ҳукми ўша пайтда Макка фатҳ бўлгунга (эгаллангунга) қадар давом этган. Ушбу оят ўша вақтда Макка шаҳридан Мадина шаҳрига ҳижрат қилишдан бош тортган мусулмонларга таҳдид сифатида нозил бўлган. Зеро, ўша пайтда Мадинага ҳижрат қилиш Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган бўлиб, Маккада қолиш гўё Исломдан қайтиш, мусулмонлар сафини камайтириш ва мушриклар сонини кўпайтириш, деб ҳисобланган.

Набий алайҳиссалом бир ҳадисда: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилиш йўқ”, – деганлар. Шу ўринда кўр-кўрона кимларнингдир ёлғон гапларига ишониб, “ҳижрат” қилаётган, Аллоҳ таоло учун эмас, балки кимнингдир манфаати учун уруш қилмоқчи бўлган кимсалар залолатга кетаётганини, ҳақ йўлдан оғиб, ҳидоятни залолатга алмаштирмоқдалар. Ахир улар уйларида фарзандлари, хотинлари, кексайиб қолган ота-оналарини ташлаб кетмоқдалар. Уларнинг кўз ёшларига, илтижою нолаларига парво қилмаяптилар. Энг ачинарлиси, ўзга юртларда хору зорликда пуч ваъдалар қурбонига айланмоқдалар. Юқоридагилардан маълумки, ҳижрат қилиш ўрнига Ислом диёри бўлган ўз юртида Аллоҳ таоло томонидан юкланган мажбуриятларни адо этиш лозим.

Шунингдек, “ҳижрат” қилмаганлар мўмин-мусулмонликдан чиқиши ҳақидаги даъволарига раддия сифатида марҳум Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан Қуръони каримнинг “Анфол” сураси, 72-оятига берилган шарҳини келтирамиз. Мазкур оятда:

“Албатта, имон келтирган, ҳижрат қилган, моллари ва жонлари билан жиҳод қилганлар ва жой бериб ёрдам кўрсатганлар, айнан ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Имон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор, қавм зиддига эмас. Аллоҳ нималар қилаётганингизни кўрувчи зотдир” дейилган.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларнинг бир неча даражаларини зикр қилмоқда: ҳижрат қилганлар, ёрдам берганлар, иймон келтирганлар, лекин ҳижрат қилмаганлар. Буларнинг барчаси мўминлар, деб аталмоқда.

Юқоридаги далиллардан мусулмонлар учун барча шароитлар яратилган, исломнинг бешта аркони эмин-эркин бажариб келинаётган Ўзбекистон каби мамлакатдан ҳижрат қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

Шу билан бирга, хорижий давлатларга чиқиб кетиш ва экстремистик гуруҳлар ва террорчилик ташкилотлари таркибида фаолият юритиш Ўзбекистондаги амал қилинаётган қонунларга кўра жиноят ҳисобланиб, бундай ҳаракатларни содир этган шахсга нисбатан чора кўрилади.

Шу нуқтаи назардан, дунёдаги энг таниқли уламолар ва фатво марказлари бугунги кунда мусулмон оламига таҳдид солаётган, ўзларига “жиҳод”, “тавҳид” каби исломдаги улуғвор сўзларни қўшиб ном қўйиб олган турли оқим ва гуруҳлар, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” каби ташкилотлар аслида замонавий хаворижлар (илк адашган тоифа) экани ҳақида фатво берадилар.

Ҳанафий уламоларининг фатволарига кўра, “жума намози, ийд намозлари каби ислом ҳукмлари жорий этилиши билан дорул куфр дорул исломга айланади”. Шу нуқтаи назардан, ташқи истилога учрамаган барча мусулмон мамлакатлари ислом диёри саналиб, ушбу ҳудудлардан ҳижрат қилинмайди ва мазкур давлатларга нисбатан қуролли жиҳод олиб бориш жоиз эмас.

Ушбу мақолада сўнгги вақтлардаги айрим воқеликларни мухтасар баён эттик, холос. Бундай хуружларга қарши курашиш диний соҳа ходимларининг бирламчи вазифаси бўлиши баробарида барча зиё аҳли, маърифат эгалари ҳам бу ишда етакчи бўлишлари зарур бўлмоқда.

Ўз навбатида таъкидлаймизки, имом-хатибларимиз бу йўлдаги  курашчанликни ҳар қачонгидан ҳам оширишлари керак. Агар бирор ҳудуддан адашган тоифалар тузоғига илинган кимса чиқса, демак ўша қавмнинг имоми етарлича тушунтириш ишлари олиб бормаганини англатади. Шундай экан, жамият пешвоси бўлган имом-домлаларимиз халқимиз эътиқоди мустаҳкамлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилишларини даврнинг ўзи қатъий талаб этаётганини доимо ҳис этишлари керак.

Ў.Ҳасанбаев