Юртимизда яратилаётган кенг шароитлар ва имкониятлар туфайли ёшларимиз эришаётган улкан ютуқ ва марралар барчамизга ғурур ҳамда ифтихор бағишлайди. Аммо, етарли билим, мустақил фикр ва дунёқарашга эга бўлмаган баъзи ёшларнинг бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолаётгани ачинарлидир. Интернет оламидаги айрим сайтларда тарқатилаётган турли бузғунчи ғояларнинг кўпайиб бораётгани, ўша маълумотларнинг асл моҳиятини ёшларимизга кенг тушунтириш, уларга қарши курашишда тарғибот ишларини янада кучайтириш зарурлини англатади.
Ёшларимизни турли хил ёт оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишда юртимиздаги динимиз уламоларининг Қуръон карим оятлари ва ҳадиси шарифларга суянийб ёзаётган китоблари ва илмий асарларидан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини фарзандларимизга англатиш лозим. Экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динимизга алоқадор бўлмасдан, муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади. Аслида, Ислом динида ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва бағрикенгликка буюрилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ (иш)дир.”
Мазкур оятда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи, Расули ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб, бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, демакки, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечимини топиш учун энг аввало, Қуръон каримга мурожаат қилишимиз лозим экан. Дарҳақиқат, Қуръонда бундай масалаларнинг чиройли ечими бор. Ихтилоф вақтидаги масаланинг энг тўғри ечими, қандай йўл билан бўлса ҳам, фирқаларга ажралишнинг олдини олишдир. Қуръони каримда буюрилганидек, мусулмон киши учун кўр-кўрона тақлид ярашмайди. У ҳар қандай масалада Аллоҳ таолонинг Каломи ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига эргашиши, лозим бўлса ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билиши ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлиши керак.
Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра жараён бўлиб, ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр-оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди.
Аллоҳим бизларни ва келажак авлодларимизни ёд ғоялардан ва адашишликлардан ўзинг асра.
Саидбурхон домла Сотволдиев
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани
“Жўрабой” жоме масжиди имом-хатиби