Ислом дунёга кўпалаб соҳаларда саноқсиз тараққиётларни олиб келди. Ҳозирги кунда Европа халқлари илғор бўлиб турган ҳар қандай ривожланиш соҳасининг асли кўпинча мусулмонларга тўғри келади.
Роберт Бриффаулт “The Marking Humanity” номли китобида бундай ёзади: “Европанинг барча соҳасидаги тараққиётида Ислом маданиятининг хизмати беқиёс ва Европа тараққиётига катта таъсир ўтказган кескин асарлари бор”.
Европа тарихчиларидан бири бўлмиш Жон Дуанборд деган тарихчи айтадики, “Агар ислом Испанияга етиб келмаганда эди, бизнинг Европамиз ҳалигача ўзининг вахшийлигида, жоҳиллик ҳаётида давом этган бўларди”.
XIX асрнинг аввалида кимё фанида шуҳрат қозонган машҳур инглиз олимларидан профессор Хульниарддан бу фанда эришган ютуқлари сабаби сўралганда, у шундай жавоб берган: “Ўзимнинг шу соҳада эришган ютуқларимни фақат бир нарсага боғлайман, у ҳам бўлса, менга Худо марҳамат қилиб, араб тилини билиб олганлигим сабабли фаннинг барча соҳаларига кириб бордим”. Чунки фан соҳаларида ёзилган аксар нодир асарлар араб тилида ёзилган эди.
Кимё фанига асос солган мусулмон олим сифатида Жобир ибн Ҳаййон зикр қилинади.
Учинчи хижрий асрда осмонга парвоз этишни амалий равишда кашф қилган одам мусулмонлардан бўлган. Андалусда яшаган, ўзи кимёгар бўлган Аббос ибн Фирнас деган олим қўлидан келганча осмонга учишга ҳаракат қилган. Бу билан у ҳозирги замонавий авиацияга асос солган бўлса ажаб эмас.
Диёримизда туғилган Муҳаммад ибн Мусо Ал-Хоразмий ўнлик саноқни кашф қилди. XII асргача Европаликлар ноль деган рақамни билишмаган экан. Буни айнан Ал-Хоразмий кашф қилди.
Ибн Синонинг ижоди неча асрлар мобайнида Шарқ ва Европа фани ҳамда маданиятига салмоқли таъсир кўрсатган.
Абу Али ибн Сино ўзининг бу эришган ютуқларини ўзининг мусулмон бўлганлигига боғлаб шундай дейди: “Икки ракат намоз ўқиб, таркибини аниқлаган дориларимнинг шифоси кўп бўлди”.
Бағдодда Хорун ар-Рашиднинг ўғли ал-Маъмун ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиёлик олимлар Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аббос ибн Саъид Жавҳарий ва бошқалар билан бирга ишлаган.
Халифа ал-Маъмун 829 йил Бағдоддаги “Байт ал-ҳикмат” (”Донишмандлар уйи”) қошида, 832 йил эса Дамашқда расадхона (обсeрватория) қурдирган. Бу расадхоналарда мунтазам равишда кузатув ишлари олиб борилган. Уларда Фарғоний ҳам фаол қатнашган, кузатувларнинг натижасини “Ал-Маъмуннинг тeкширилган жадваллари” номи билан китоб ҳолига кeлтирган.
Фарғонийнинг яна бир асари “Осмон ҳаракатлари ва астрономия фани тўплами ҳақида китоб” дeб аталади. Бу асар астрономиядан араб тилида ёзилган биринчи китоблардан ҳисобланади. Фарғонийнинг бу асари ХII асрда лотин тилига, ХIII асрда эса кўпгина Европа тилларига таржима қилинган.
Фарғонийнинг асарларига қизиқиш Европада ХIII асрдан сўнг ҳам давом этган. Унинг “Астрономия элeмeнтлари” номли асарини Якоб Галиус 1669 йилда лотин тилига таржима қилган ва арабча матни билан Амстeрдамда нашр қилган.
Бундай тарихий мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бу маълумотлар уммондан бир томчи холос. Ислом дунёсининг башарият илм-фан ва маданиятига ўтказган таъсири тўғрисида ҳар қанча ёзиладиган бўлса шунча оз.
Ислом дини илм-фан ва маънавият майдонида соф ақидадан тортиб то одоб-ахлоқ, юриш-туришгача, ижтимоий ва шахсий майдондан тортиб то сиёсат, қонун ва халқаро алоқаларгача, халқ касбу-ҳунаридан тортиб то меъморчилик, адабиёт, шеърият ва беназир дид-фаросат майдонларида ўзлигини намоён этди.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Ислом.Уз манбаларидан фойдаланилди)