Оқ-қорани, дўст-душманни яхши биладиган халқимиз ўз тақдирини ўз қўли билан яратмоқда. Юртимиздаги ўзгаришлар ва янгиланишлардан қувониб, Аллоҳга шукроналар айтмоқдамиз. Мустақиллик шарофати билан исломий қадрятларимиз тикланди ва тикланмоқда.

 Ислом бошқа динлардан фаркли ўлароқ инсонларни тинчлик, тотувликка даъват этади. Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:

Ё Расулаллоҳ, Аллоҳдан энг керакли нимани сўрайлик? Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

Қалбингга иймон, танингга сихат-саломатлик, яшаб турган ҳаётингга тинчликни  сўранглар” дедилар.

Ҳа азизлар, тинчлик, аҳиллик бор жойдан қут-барака аримайди.    Жамиятимиздаги тинчлик  ва осойишталик бизнинг энг катта  бойлигимиз, десак муболаға бўлмайди.

Тинчлик-осойишталик ҳар бир инсонга дахлдор бўлган ҳаётий заруратки, уни сақлаш шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи бўлмоғи керак. Диққат билан назар солсак бу сўзларнинг замирида катта маъно бор.

Юртимиздаги масжидларни эмин-эркин фаолият кўрсатаётгани, малакали диний ходимлар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралаётгани, ушбу мақсадда ўндан ортиқ диний таълим муассасалари иш юритаётгани ижтимоий барқарорликнинг муҳим ­омилидир.

Айни дамда эса Ўзбекистонда ислом дунёсининг маълум ва машҳур сиймолари — Имом Бухорий, Имом ­Термизий, Ҳаким ат-Термизий, Абул Муъийн Насафий, ­Баҳоуддин Нақшбанд (роҳматуллоҳ алайҳим) каби аллома ва азиз-авлиёларнинг илмий меросини ўрганиш, уларнинг мақбараларини обод этиш бўйича олиб бори­лаётган ишлар эса алоҳида таҳсинга сазовордир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил октябрь ойида ўтказилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ғояси илгари сурилган эди. Бу ташаббус Имом Бухорийдек (роҳматиллоҳи алайҳи) буюк алломанинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ­дунёга тараннум этиш, ҳадис илмлари ривожига ҳисса қўшишни мақсад қилади.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий мақбараси таъмирланди. Унинг ёнгинасида янги масжид ва кутубхона барпо қилинди. Бу ерда ҳадис ва бошқа ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган мусулмон уламоларининг илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-­тадқиқот маркази ташкил этилди. Шу вақтга қадар буюк алломанинг 14 номдаги асари таржима қилиниб, ўзбек тилида нашр этилди, энг қувонарлиси шундаки, юртимизда мадрасалар сони яна биттага кўпайиб ушбу вилоятда яна бир ўрта махсус ислом билим юрти очилиб Ўзбекистонимизда диний йўналишдаги таълим муассасаларнинг сони 10 тага етди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилганини ислом маданияти ва илмий меросини ўрганиш йўлидаги муҳим қадамлари десак муболаға бўлмайди.

Бугунги мусулмон маданияти тараққиётини ­алломаларимиз, уларнинг беназир ­илмий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Хорижий кузатувчилар томонидан Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган туб ўзгаришларга ижобий баҳо берилмоқда. Ўзбекистондаги бу янгиланишлар муҳтарам Юртбошимизнинг шахсий ташаббуси асосида амалга оширилаётганини алоҳида қайд этишимиз зарур.

Аллоҳ таоло “Ва Роббингиз “Қасамки агар шукур қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир” деб билдирган(ини эсланг)” дея бизларни огоҳлантиргандир.

Бу борада Бишр Хофий қуддиса сирруҳу “шукр”га берган таърифларини эслашимиз ўринли бўлар эди:

“Шукрни фақат тилда айтишнинг ўзи шукр эмас. Балки шукр аъзоларда зоҳир бўлсагина ҳаққонийдир. Кўзнинг шукри яхшиликни кўрганда очилиб, ёмонликка юмилмоғидир. Қулоқларнинг шукри яхшилик гапирилганда эшитиб, ёмонлик гапирилганда, рад этмоғидир. Қориннинг шукри ҳалолни сингдириб, ҳаромдан ирганмоғидир. Қўлларнинг шукри фақат ҳаққа бўлган нарсага узанмоғидир. Оёқларнинг шукри фақат яхшилик сари юрмоғидир…”

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг  шукрини адо қилмоқ учун  инсонниг умри камлик қилади, лекин шундай бўлсада, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга хайрихох бўлиб,  шукроналик билан ҳаёт кечирсак, албатта неъматлар зиёда бўлади.

Ҳақиқатдан тинчлик бўлиб турса кўнгилга тўй-ҳашам, хурсандчилик сиғади. Юрт тинч бўлса тараққиёт, ривожланиш бўлиб, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб оиласи билан баҳам кўради. Уй-жой ҳам қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматларнинг қадрига етмоғлиғимиз лозимдир.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, тоат-ибодатда бардавом бўлмоқ охиратнинг обод бўлишига сабаб бўлса, неъматларнинг шукрини адо этиб, куфрона неъматдан сақланмоқ бу дунёнинг ободлигига сабабдир.  Юқорида таъкидлаб ўтганимиздай бугунги кунда юртимизда диний соҳа ривожи учун жуда кўплаб хайрли ишлар қилинмоқда. Ушбу ишларни ҳеч биримиз инкор этаолмаймиз. Дарҳақиқат хозирги кунда ҳар биримизнинг муқаддас вазифаларимизда бири эса ушбу қилинаётган ислоҳатларга лаббай деб жавоб бериб, уни шукрини вақтида адо этиб, қўлимиздан келганича ўз ҳиссаларимизни қўшмоғимиз лозим.

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни эса доимо мусаффо айласин.

Абдуваҳҳоб домла Мадраҳимов,

Андижон тумани “Довудхон тўра”

жоме масжиди имом-хатиби