Республикамизда жорий йилнинг июнь ойи “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” деб эълон қилинганлиги бежиз бўлмади. Чунки гиёҳвандлик-кишилик жамиятида соғлом турмушни шакиллантиришга жиддий тўсқинлик қиладиган хавфли ижтимоий иллатдир. Маълумки, Ислом дини аҳкомлари инсоннинг дини, жони, аҳли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсоннинг соғлиги,оиласи,иқтисоди,одоб-аҳлоқи,умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига таҳдид солиб турган иллатлардан бири ҳақиқатда гиёҳвандликдир.

   Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Жаноб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи , заифлаштирувчи  нарсаларни истеъмол қилишдан ман этганлар”.

   Бу ҳадис билан истемол қилганда, танани, аьзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Худди шу ҳадиси шарифда айтилаётган “бўшаштирувчи”лик сифати ажнабий тилларда “наркотик”деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг алоҳида васфидир. Пайғамбаримиз с.а.в. ўзларининг имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисларида: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдур ва  ҳар  бир  хамр ҳаромдир”, деб мархамат қилганлар.

   Шунинг учун нашами, қора дорими, героинми, кокаинми, кўкнорими,ароқми барчаси харом. Имом ал-Урофий ақлга таъсир ўтказувчи нарсаларни зикр қилганда нашани муфсид- бузувчи нарсалардан деб таъриф қилганлар. Бу моддаларни тановул қилиш молу дунёни, бойликни исроф бўлишига олиб келади. Саломатликка етказадиган зарарлари ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин: Гиёҳванд моддалар кишини меьдасига, жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, асабига ва шу орқали инсонда кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ- юмшоқни, ширин- бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади. Ухлай олмаслик, сустлик, аьзои баданнинг оғриши, иштаҳасизлик, ғамгинлик, кўзни ёшланиши, титроқ, серпешоблик, увушиш,томирларни бўртиб чиқиши, юрак ўйнаши, кўнгил айниши ва бошқа ҳолатлар гиёҳванд моддалар келтирувчи иллатлардир. Демак, гиёҳвандлик ўз жонига ўзи қасд қилишдан бошқа нарса эмас. Гиёҳванд кишилар қавми – қариндошидан, гулдек фарзандидан, умр йўлдошидан ажралиб қолаётгани, улардан аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар ҳаётга келаётгани ҳозирги кунда кўринаётган азиятдур.

  Гиёҳвандликнинг ёш авлод тарбиясига етказадиган зарарлари жуда аянчлидир. Бунинг учун фарзандларимизни ким билан юргани, дўсти кимлигига назар солишимиз керак бўлади.

    Бугунги кунимизда гиёхвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча – барчалари хаммамизнинг хаёт кемамизни тешиб ғарқ этишга уринаётган жохиллардирлар. Агар кўплашиб уларнинг қўлларидан тутмасак, хаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап. Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни  ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёхвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарурдир.

   Ҳузайфа ибни Ямон розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам   : “ Жоним қўлида бўлган зот билан қасам ичиб айтаманки, агар,  сизлар  бир  бирларингизни  яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб туришликни тарк этсаларингиз, бошингизга шундай бало ва офат келадики, у, яхши ва ёмонга баробар фожеа бўлади” – деб мархамат қилдилар.

     Бугунги кунда гиёхвандлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни  ўз домига тортиш хавфи туғилиб турган бир пайтда,  ҳаммамиз бу офатга қарши курашишимиз жуда зарурдир. Жамиятнинг ҳар бир аьзоси  каттаю – кичик, эркагу аёл, ёшу қари, амалдору оддий фуқаро ҳамма-ҳамма гиёҳвандликка қарши курашда иштирок этмоғи кечиктириб бўлмас заруратдир. Зеро, гиёхвандлик инсонни хорликка элтувчи офатдир. Гиёҳвандлик  офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш, уларни моддий – маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек ҳайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

                                                                                                                     

Далварзин жомеъ масжиди имом ноиби

А.Қаноатов