Мукаддас динимизда инсон жуда хам қадрланалади, айниқса уни жони, моли, насл-насаби, ақл-идроки. Ўзгаларнинг буларга тажовузи харом қилинган.
Бугунги кунда дунёда бир қанча глобал муаммолар юзага чиқди. Шулардан бири гиёҳвандликдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга элчи қилиб юборилишининг қатор сабабларидан бири тоза-пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок-зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:
﴿… يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِ الْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَ … ﴾
(سورة الآعراف/157)
яъни: “… У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”
(Аъроф сураси, 157- оят).
Инсон учун нопок ва зарарли нарсалардан бири маст қилувчи моддалардир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда шундай дейилади:
” كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ، وَكُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ” )أخرجه الإمام مُسلم عَن ابْن عمرَ رضي الله عنه .(
яъни: Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир маст қилувчи нарса – хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи – ҳаромдир”
(Имом Муслим ривояти).
Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан одам ўз жонига қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир.
Ҳозирда айрим ўқувчи ёшлар орасида гиёҳванд моддалардан ташқари “Трамадол”, “Лирика”, “Регапен”, “Селофен”, “Тропикамид” каби психотроп дори воситалари истеъмолига ўрганиш ҳолатлари учрамоқда. Бу дори воситаларида ҳам маст қилиш ва ўргатиб қўйиш хусусияти бор. Кўча-куйда бундай дориларни истеъмол қилаётганларни кўриб кўрмасликка олиш, менинг фарзандим бу дориларни истеъмол қилмайди, деб хотиржамликка берилиш асло тўғри эмас. Чунки гиёҳвандлик балоси кенг тарқалса, ҳеч ким фарзандидан хотиржам бўла олмайди. Бу иллатларга амру маъруф наҳий-мункар ёрдамида қарши турайлик, лоқайдбўлмайлик.
Шуни ёдда тутиш лозимки, гиёҳванд модда савдосига аралашган кимсалар, жумладан юқорида саналган дориларни шифо учун эмас, балки кайф қилиш учун олишаётганини била туриб, ёшларга сотаётган баъзи дорихоначилар ҳаром мол топаётган ва Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиққан ҳисобланади! Ҳаромдан топиб ўзи ва фарзандларига ҳаром едираётганлар, минглаб ёшларнинг гиёҳвандлик гирдобига ботишига сабаб бўлаётганлар ўзларию ўзгаларнинг гуноҳларига шерикдирлар. Улар оз муддатда ўтадиган дунёдан кўра абадий охиратдаги ҳисоблари ҳақида ўйлашмайдими?! Қуръон каримда охират азоби қаттиқ эканидан огоҳлантириб айтилади: “Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига имон келтирмаганларни мана шундай жазолагаймиз. Охират азоби эса, шубҳасиз, қаттиқроқ ва боқийроқдир”
(Тоҳа сураси 127-оят).
Ёшлик даври айни тарбия пайтидир. Ёшларни халқига, динига фойдали билимли-маърифатли, қўлидан иш келадиган касб-кор эгаси қилиш бурчимиздир. Айниқса, болаларни, кейинги пайтда унутилаётган китобхонликка ўргатиш, яхши кишилар билан дўстлашишга кўмаклашиш муҳим. Пайғамбаримиз алайҳисалом киши дўстининг дин-диёнатига мослашиб кетиши ҳақида огоҳлантирганлар. Ёмон кишилар билан дўстлашишнинг оқибати ҳам ёмондир. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Омин!
Абдурахмон домла Артиқов
Андижон шаҳар Уйғур жоме масжиди имом-хатиби