Ислом эр-хотин орасида яхшиликка йўғрилган ширин муомалали ҳаёт бўлиши учун барча чораларни жорий қилган. Эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб келишмовчиликларга сабаб бўлади. Хотин эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади.
Эрнинг хотин зиммасида бир неча хақлари бор. Уларни энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
1. Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам олдинга қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
«Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол эмас», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий).
2. Хотин уйига эрининг рухсатисиз ҳеч кимни қўймаслиги, эрининг уйидан унинг ижозатисиз бирор нарсани ўзининг яқинларига ҳам бериши керак эмас. Агар берса, хотинга гуноҳ, эрга савоб бўлади. Тўғри, фақат таомидан бузмай, садақа қилса бўлади.
3. Хотин ҳамиша эрга итоатда бўлиши, эридан рухсат олмай уйдан чиқиши, уйдан бошқа жойда ишлаши мумкин эмас. Эри истамаса, аёллар билан аралашмаслиги керак. Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.
4. Хотин Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак. Маишат қийинчилиги ё ҳол ночорлиги учун ғазабланмаслиги ва оҳ-воҳ урмаслиги лозим. Балки хушнудлик ва қаноат кўрсатиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб шундай дердилар: «Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо оташга чидай олмаймиз».
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, биз томон жўнайди», дейди», деганлар» (Имом Термизий ривоят қилган).
5. Хотин эрининг дўстига нотанишдек бўлиши лозим. Эри уйида бўлмаганида унинг дўсти эшик қоқса, ўзи ва эрига рашк қилиб, у билан сўзлашмасин. Зеро, киши дўстининг хотини билан танишар экан, бу ҳол рашк ва фитнага сабаб бўлади.
6. Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
7. Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурмат қилиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан, эрига юзсизлик билан мурожаат қилишдан тилини тийиши, унинг хизматлари ва марҳаматларини инкор этмаслиги керак. Бу жуда муҳим.
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас. Афсуски, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳадларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Бундай ҳолларда беодоб, ҳаддида турмаган аёлларга таъсир кўрсатиш Қуръони карим ва Суннати набавийя кўрсатмаларига биноан аста-секин олиб борилади, ваъз-насиҳат қилинади. Эр унга итоатсизлик яхши эмаслиги, ҳар ким ўз ҳаддини билгани яхшилиги, бир-бирларини тушуниб яшашлари лозимлигини оҳиста айтиб англатади. Одоб билан аёлга унинг хатоларини баён қилиб, уларни тузатиш йўлларини кўрсатади. Ушбу ваъз-насиҳат самара бериб, аёл ўзини ўнглаб олиб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни муддао бўлади.
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эру хотин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим.
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.