Шу кунларда бутун дунёда тобора кўпайиб бораётган коронавируснинг олдини олиш бўйича мутахассислар бераётган тавсияларда шахсий озодалик, жумладан, қўлни яхшилаб ювиш, яъни бармоқ оралари ва тирноқ остиларигача мукаммал ювишга эътибор қаратиш айтилмоқда. Сабаби қўл ушбу юқумли касалликни тарқатувчи асосий омилларидан бири экан.
Инсон ҳаётини қўлнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Асосий иш бажарадиган ҳам, биринчи покланишга эҳтиёж сезадиган аъзо ҳам қўлдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
– “Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда турганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди” – дедилар.
(Имом Муслим ривояти).
Қўл ва оёқдаги тирноқларни олиб юриш ҳам суннатдир. Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам:
– “Бешта нарса фитратдандир: хатна қилиш, бадандаги тукларни олиш, тирноқларни олиш, қўлтиқ тукларини юлиш ва мўйлабни қисқартириш” – дедилар. (Имом Муслим ривояти)
Шунингдек, таҳорат қилган киши бурни ва оғзини ювади. Бу амал оғиз ва бурун орқали кириши мумкин бўлган зарарли микроб ва бадбўй ҳиддан ҳимоя қилади.
Дарҳақиқат, Ислом – поклик дини. Қуръони каримда марҳамат қилинади:
– “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади”.
(Тавба сураси, 108-оят)
Ояти каримада поклик ва покувчилар мадҳ этилмоқда. Демак, мусулмон киши имкон қадар покликга эътибор бериши керак экан. Ундай кишилар Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.
Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам:
– “Поклик иймоннинг ярмидир” – дедилар.
(Имом Муслим, Имом Насаий ва Имом Термизий ривояти)
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
– “Албатта, Аллоҳ хушҳолдир, хушҳолликни севади, покизадир, покизаликни севади, ўта сахийдир, ўта сахийликни севади”.
(Имом Термизий, Имом Баззор ва Имом Абу Яъло ривояти).
“Поклик” деганда зоҳирий ва ботиний покликни тушунамиз. “Ботиний поклик” инсон қалбини турли иллат, кек ва адоватлардан саломат тутмоқлигидир.
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам:
– “Огоҳ бўлинглар, жасадда бир парча гўшт бор. У ислоҳ бўлса, жасаднинг бошқа аъзолари ҳам ислоҳ бўлади. Агар у бузилса, тананинг бошқа аъзолари ҳам бузилади. Огоҳ бўлингларки, ўша бир парча гўшт – қалбдир”, деганларини эшитдим.
(Муттафақун алайҳ).
Зоҳирий поклик деганда эса инсоннинг шахсий покизалигига эътибори тушунилади. Поклик динимизда ибодат даражасидаги амал ҳисобланади. Пок бўлмаган инсоннинг ўқиган намози қабул бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом покизаликка доимо эътиборли бўлиб, таҳорат билан юрган инсонга кўплаб савоблар берилишини айтганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– “Ким таҳорот устига таҳорот қилса, унга ўнта ҳасанот ёзилади”.
(Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Роббимиз бизлардан бу каронавирус вабосидан нажот ва омонлик берсин.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтинкўл тумани “Уйшин” жоме масжиди имом-хатиби