Ислом динида барча мусулмонлар дин жиҳатидан ака-ука ҳисобланадилар. Диндаги ака-укачилик ришталарини боғлашни Аллоҳ таоло буюрган. Роббимиз Ўзининг муқаддас каломида:
“Албатта, мўминлар ака-укадирлар”[1] деб марҳамат қилади. Бу борада ислом тарихига назар солсак саодат асридаги ибратли воқеаларга гувоҳ бўламиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунаввара шаҳрига келганларида маккалик ва мадиналик мусулмонларни биродарлик риштаси ила боғладилар.[2] Бу ишлари билан хақиқий исломни бутун дунёга кўрсатиб қўйдилар. Мадиналик саҳобалар эса барча мулкларини Маккаи мукаррамада қолдириб келган диндошлари учун ўзларилаги нарсаларни ҳаммасини тенг иккига тақсимладилар. Ансорий саҳобалар хатто ўзлари учун зарур нарсани ҳам меҳмон диндош биродарларига тортиқ қилардилар. Аллоҳ таоло уларни мақтаб қуйидагича марҳамат қилади: “Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (маккалик диндошларини) ўзларидан устун қўярлар”[3].
Ямандан Мадинаи мунавварага Ашъарий қабиласи кўчиб келганди. Уларни бутун инсониятга ўрнак бўладиган одатлари бор эди. Бу ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар: “Албатта Ашъарийларни Мадинадаги оилаларининг озуқалари камайиб қолса, бир жойга ҳамма нарсаларини жамлайдилар. Сўнгра уни ораларида тенг тақсимлаб оладилар. Улар мендандир ва мен ҳам уларданман“[4]. Демак Ашъарийлар топганини бир жойга тўплаб, кимдир оз кимдир эса кўп қўшганига қарамасдан ҳаммага йиғилган нарсалардан тенг тақсимлардилар. Ислом динимиз нақадар гўзал!
Абул Ҳасан Антокий роҳимаҳуллоҳ ўзларини қоринларини тўйишидан кўра мусулмон биродарларини тўйишини устун қўйган ўттиздан ортиқ комил иймонли мўминлар ҳақида ҳикоя қилиб айтадилар: “Рай шаҳрида ўттиздан ортиқ кишилар йиғилиб қолдилар. Уларда ҳаммаси тўймайдиган даражада нон бор эди. Дастурҳон ёзилиб, нонлар синдирилди. Кўнгилҳонлик бўлмаслиги учун шамчироқлар ўчирилди. Маълум вақт ўтгандан кейин шамчироқлар қайта ёқилди. Не кўз билан кўрсинларки дастурҳондаги бирорта нон ейилмаган эди”[5]. Улар ўзларидан кўра ёнидаги мусулмонларни қорни тўйиши учун дастурхонга хатто қўл чўзмаган эдилар.
Бизни диёрларимизда ҳам азалдан “Бўлишсак тўқ бўламиз, бўлинсак йўқ бўламиз” нақлига амал қилиб мусулмонлар қийин аҳволдаги инсонларга ёрдам бериб келганлар. Бугунги кунларда бутун дунёни Коронавирис вабоси ташвишга солгани барчамизга аён. Диёримизда ҳам бу касаллик сабабидан карантин қоидалари кучайтирилмоқда. Албатта бу ушлар аввало ҳар биримизни ўз саломатчилигимиз учун зарур. Мана шундай халқимизни бошига мушкул иш тушиб турган вақтда кўплаб саҳий ватандошларимизни ишсиз, боқувчисини йўқотган инсонларга моддий ёрдам бериши айни ҳақиқий ислом ва чиройли хулқдир. Улар Аллоҳ таолонинг розилиги учун ансорий саҳобалар қилган ишни қилмоқдалар. Кимгадир ёрдам бериш учун бой бўлиш шарт эмас. Роббимиз қодир қилганча бир дона нон билан бўлса ҳам мусулмонни хурсанд қилиш катта савоб. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни ораларини иттифоқ қилсин! Вабо иллатини бизлардан кўтарсин! Вабо билан касалланганларга комил шифо берсин!
Муҳаммад Амин домла Қобилжонов,
Олтинкўл тумани “Миробод Ҳожи” жоме
масжиди имом-хатиби
[1] Ҳужурот сураси 10-оят.
[2] Ас-сийротун Набавийя 398-бет.
[3] Ҳашр сураси 9-оят.
[4] Сахихул Бухорий 2486-ҳадис.
[5] Тариху Бағдод 8/267