Халқимиз учун мусулмонларнинг улуғ байрами – Қурбон ҳайити кириб келмоқда. Бу йилги ҳайит ва байрамлар доимгидан ҳам кўра фарқли. Ҳайит намозини жамоат билан ўқишга пандемия сабабли имкон бўлмаяпти.
Ўтган Рамазон ҳайитида халқимиз бу тўғрида анча тушунча ҳосил қилган эди. Аммо бу ҳайитнинг ундан фарқли томони қурбонлик масаласидир.
Бу мавзуда турли фикрларга чалғимаслик керак. Халқимиз нима қиларини билмай қийналиб қолмаслиги, барча якдиллик билан ибодатларни адо қилишлиги учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёноти кенг кўламда аҳолига етказилмоқда.
Шунинг учун ижтимоий тармоқлардаги турли фикрларга эътибор бермасдан мазкур баёнотга мурожаат қилсак, барчаси шариатга мувофиқ келади. Сабаби баёнотдаги аҳкомлар мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан олинган.
Хусусан қурбонлик ҳақида шундай дейилади:
“Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.
Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:
اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ
أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ
яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.
Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади”.
Демак имкони борлар қурбонликдек улуғ ибодатни амалга ошириб, Аллоҳга яқин бўлишларига имкониятлар мавжуд. Хотиржамлик пайтларида қурбонликнинг бир қисмини пишириб, уйга меҳмон чақирар эдик. Бироқ карантин ҳолатида уйга кўпчиликни чақириб, одам тўплашга имкон йўқ. Баёнотга кўра Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ҳаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Барчамизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
Улуғбек домла Сатторов,
Марҳамат тумани “Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби