Қурбон ҳайитига доир фатволар юзасидан муносабат

519

Азиз ҳамюртлар! Азиз мўмин мусулмон биродарларимиз!
Юртимизда карона вирус инфекциясидан зарарланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабли, касаллик юқиш занжирини узиш мақсадида карантин муддати узайтирилди. Мусулмонларнинг энг улуғ байрами бўлмиш Қурбон ҳайити карантин даврига тўғри келмоқда. Шу сабабли махсус комиссия томонидан халқимиз бу байрамни ўз хонадонларида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўтказиш тавсия этилди. Шунга кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов карантин чекловлари узайтирилишининг сабаби,
Қурбон ҳайити қандай нишонланиши,
Қурбонликни ҳайит куни сўя олмаса нима қилиниши,
Қабристонларга бориш ва азадорлик қилиш шариъатда йўқлиги каби масалаларни кенг тушунтириб бердилар.

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан бу касаллик борасидаги олиб бораётган сиёсати, қўйилаётган чекловлар ва муфтий ҳазратлари томонидан берилаётган фатволарга эътибор қаратсак, бунинг замирида айнан инсоннинг ҳаёти ва унинг соғлигининг қадр қиймати ётади. Агар тинчлик бўлганида, бундай юқумли касаллик бўлмаганида бу чекловларнинг кимга кераги бор эди!. Албатта яхши англашимиз керакки, бу ҳам бир синовдир. Бу синовларни бирдамлик, якдиллик , ўзаро меҳр оқибат, сабр ва шукр билан ўтказайлик! Иншааллоҳ яна аввалгидек ҳотиржам кунлар келади. Байрамларни бир бирларимизнинг хонадонларимизга бориб,катта шодиёна қилиб ўтказадиган кунлар яна келади. Намозларни масжидларда катта жамоатлар билан адо этамиз. Бу қийинчилик кунлар узоққа чўзилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қурони каримда Шарҳ сурасида;
فان مع العسر يسرا & ان مع العسر يسرا
“Албатта қийинчилик билан бирга (қийинчиликдан кейиноқ) енгиллик бордур. Албатта қийинчилик билан бирга (қийинчиликдан кейиноқ) енгиллик бордур.” деб таъкидлаб таъкидлаб ўзининг бандаларига нақадар меҳрибон эканлигини маълум қилади.

Азизуллоҳ домла Мамасидиқов,

Жалақудуқ тумани бош имом-хатиби