Инсонийлик жамиятидаги ижтимоий масалаларга муқаддас динимиз жуда катта эътибор қаратган. Хусусан, одамлар ўртасидаги ўзаро олди-берди масалалари.
Қарзни олгандан кейин уни вақтида, хушмуомалалик билан қайтариш лозим. Набий алайҳиссалом: “Сизларнинг энг яхшингиз қарзини гўзал адо этганидир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Қарз берганга энг яхши мукофот молини ўз вақтида қайтариб бериш ҳамда қарздор томонидан унинг ҳақига қилинган дуодир.
Абдуллоҳ ибн Абу Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва: «Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким одамларнинг молларини (қарзга) олиб, уни адо этишни ирода қилса, Аллоҳ ундан (ёрдами ила) адо этади. Ким йўқ қилишни ният қилиб олса, Аллоҳ уни йўқ қилади», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бойнинг (зиммасидаги ҳақни) бермай юриши зулмдир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Бировдан олган қарзни узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан ўлиб кетишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бу сўзлардан ортиқ ифода топилмаса керак.
Насаий қилган ривоятда:
«Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилса, яна қатл қилинса ва тирилтирилса, сўнг яна қатл қилинса-ю, унинг зиммасида қарзи бўлса, қарзи адо этилмагунча жаннатга кирмас», дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб туриб айтишлари ҳам бу иш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг йўлида шаҳид бўлиш қанчалик улуғ мақом. Шаҳид учун жаннат эшиклари доимо катта очиқ. Лекин қарз иши оғир. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам, қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзининг узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарзи узилса, жаннатга киради, бўлмаса йўқ.
Чунки қарз банданинг ҳаққи, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечади, холос. Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олмоқлари лозим.
Шуни ёдда сақлаш лозимки, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан бандасининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечиради. Фақат қарзни эмас. Бандалар ўртадаги ўзаро ҳақларини бир-бирларидан кечмагунларича, Аллоҳ таоло кечмайди.
Азиз Юртдошлар, қадрли ака-укулар, муҳтарама опа-сингиллар, юқоридаги масала бўйича жуда ҳам эҳтиёт бўлайлик, зеро Аллоҳнинг наздида Аллоҳ наҳий қилган кабийра гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ бир кишининг зиммасидаги қарзини узмай ёки узишга ҳеч нарса қолдирмай, ўлиб, У Зотга рўпара бўлишидир.
Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.