Айни замонда короновирус балоси бутун ер юзини қамраб олди. Ундан ташвиш чекмаган, бехавотир нафас олаётган, хотиржам яшаётган  мамлакатнинг ўзи қолмади, ҳисоб. Қарангки, ўз тарихида кўплаб офатларни, турли касалликларни кўрган башарият бу дард олдида ожиздек, гўё. Унинг давосини топишга интилаётган минглаб шифокорларнинг шижоатла интилишлари ҳозирча натижа бермаётир.

Бу борадаги сўнгги маълумотлар кишини ўйга толдиради. Дунёнинг қатор мамлакатлари, хусусан бизга қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондаги вазиятнинг тобора жиддийлашиб бораётганлиги, юртимизда эса мазкур хасталикка чалинганлар  сони 10 минг нафардан ортгани, вафот этганлар сони қирқ нафарга яқинлашганлиги ҳар биримизни ҳушёр торттириши шарт. Ўзини жаҳонда энг қудратли давлат дея даво қилувчи Америка Қўшма Штатлари ҳозирда ушбу вирусдан зарар кўриш кўрсаткичида биринчиликни эгаллаб турибди. Ер юзидаги жами 11,5 миллион нафар короновирусга чалинганларнинг салкам уч миллиони, яъни 2 888 586 нафари мана шу “сеҳрли диёр” ҳиссасига тўғри келади. Кўриниб турибдики, тожли вирус ўз номига мос тарзда бутун оламга ўз ҳукмини  ўтказяпти. Унга нисбатан эътиборсизлик, белгиланган талабларга риоя қилмаслик тузатиб бўлмас хато бўлиши шубҳасиз.

Шу ўринда энг оддий ҳақиқатга мурожаат қилиш лозим. Яъни, айнан шифокорлар таъбири билан айтганда касални даволашдан кўра олдини олиш муҳим. Бунинг учун биринчи навбатда соғлом турмуш тарзига амал қилиш лозим. Соғлом турмуш тарзининг, умуман мустаҳкам саломатликнинг бош омили бу – покликдир.

Фақатгина эзгуликни ўзига жо қилган муқаддас динимизнинг асосий талаби ҳам покликдир. Ҳар гал ибодатдан аввал таҳорат, вақти-вақти билан ғусл қилишдан мақсад танани пок сақлашга қаратилган. Инсон жисми тоза бўлса  қалби ҳам нурга тўлади. Ният, тилак ҳам пок бўлади. Мақсади беғубор кишининг ҳаёти мазмунли ўтади, амаллари барокат билан зийнатланади. Поклик дилга иймон, юзга нур беради. Энг муҳими бу билан инсон маънавий покликка ҳам эришади.  Маънавий поклик  жамият тараққиёти, фаровон турмуш, тинч ва осуда ҳаётнинг мустаҳкам асоси. Акс ҳолда кишилар ўз бошига ўзи ташвиш туғдириши ҳеч гап эмас.

Шундай экан, бугун пандемия балосидан ташвишланиш ўрнига  покликка интилишни кучайтириш зарур. Беш вақт намоз аввалида, бошқалар билан кўришганда, кўчадан келганда албатта лозим даражада қўл ва юзларни ювиш, тан ва қалб поклигига эришиш нафақат короновирус, балки бошқа ҳар қандай дардни ҳам бизга яқин йўлатмайди. Бугунги кунда шифокорларнинг талабига кўра ҳар ярим соатда юз-қўлни ювиб туриш хасталик хавфини икки карра камайтиради. Бундан ташқари тез-тез таҳорат қилиб туриш, таҳорат устига таҳорат олиш ҳам яхши амаллардан саналади. Бу хусусда Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилганидек: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким таҳоратнинг устига таҳорат қилса, унга ўнта ҳасанот ёзилади», дедилар». Демак, бу ўринда биз нафақат бу дунёда ўзимизни хатардан сақлаймиз, балки чин дунёимиз учун ҳам яхшигина ажрга эга бўламиз.

Кези келганда юртдошларимизнинг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Бугун турмушимиз фаровон, ҳаётимиз гўзал. Қаёққа қараманг катта-катта бунёдкорлик, яратувчилик  ишлари жадал давом этяпти. Бир томондан давлат, бир томондан халқимиз якка тартибда уй-жойлар барпо этмоқда. Уларнинг барчасида ҳаммом, душ каби ювиниш хоналари бўлиши шарт.

Зеро, бу оддий тартибга амал қилиш вақти аллақачон етган. Шунда ҳар бир одамнинг тозаликка риоя қилиши, пок  ва озода юриши учун мустаҳкам асос яратилади. Энг муҳими, бу юртдошларимизни ҳар қандай касалликдан керагича ҳимоя қила олади.

Зиёдулло домла Исомиддинов,

Бўстон тумани “Абдуназар ота”

масжиди имом-хатиби