«Аёлларингиз билан хушмуомала бўлиб, тинч-тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам, (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин». Нисо сураси 19-оят

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!»

Иккинчи бир ривоятда бундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аёл қовурғага ўхшайди. Тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан. Агар ундан баҳраланадиган бўлсанг, эгрилиги бўйича баҳраланасан», дедилар».

Имом Муслим ривоятида эса ҳадис матни қуйидагича:

«Аёл қовурғадан яратилган. У ҳеч қачон сенинг йўлингга тўппа тўғри бўлиб тушмайди. Агар ундан эгрилигича баҳралансанг, баҳраланиб қолдинг, лекин тўғрилашга ҳаракат қилсанг, уни синдириб қўясан. Унинг синиши – талоғидир».

Бу ҳадисларнинг саҳиҳлигида шубҳа йўқ. Улардаги зоҳирий маъноларни Ислом уммати қадимдан тасдиқлаб келган. Бироқ айрим кишилар бу ҳадисларнинг асл мазмунини тушуна олмай, буни аёлларни камситиш, уларни пастга уриш маъносида тушуниб, талқин қилади ёки ҳадисларни инкор қилишга ҳам уринади.

Ислом душманлари эса бу ҳадисларни Исломга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таъна тоши отиш қуроли қилиб олганлари ҳеч кимга сир эмас. Уларга қарши раддия бериш учун ҳадисларни ўз маъносига тескари таҳлил қилишга уринишлар ҳам бор. Бошқа бир тарафда бу ҳадисларни на қабул қилишни ва на инкор этишни билмай гаранг бўлиб турганлар ҳам топилади.

Айримларда «Бу ҳадислар Қуръон ва Суннатдаги, Ислом шариатидаги аёлга берилган эътиборга, мақомга зид эмасми?» деган савол ёки «Ҳақиқатан ҳам, жаннатни аёлнинг оёғи остига тўшаб туриб, Қуръондаги бир сурани Нисо – Аёллар деб атаб қўйиб, шу гапни айтиш қайси мантиққа тўғри келади?» деган мазмунда эътироз ҳам туғилиши мумкин. Аслида эса мазкур ҳадиси шарифлар холис, атрофлича ўрганилса, ҳеч қандай муаммо қолмайди.

Бу ҳадисларни баъзилар мажоз йўли билан ҳам изоҳлайди. Унга кўра, бу ерда аёлнинг нимадан яралгани эмас, балки унинг табиатидаги хусусияти ташбеҳ орқали баён қилинган. Яъни аёл эркакка нисбатан олиб қаралганда худди қовурға сингари тўлиқ мослашмай тураверади, эркак у билан шу бўйича муносабатда бўлишга мажбур. Бу таъвил тарафдорлари иккинчи ривоятдаги «Аёл қовурғага ўхшайди», деган лафз ҳам шу фикрни қувватлайди, дейдилар.

Аммо жумҳур уламолар ҳадисларни зоҳирий маъносига кўра тушунганлар, тушунтирганлар ва «Бу улардаги мажоз, ташбеҳ унсурларини инкор этмайди, балки кучайтиради», деганлар. Келинг, яхшиси мазкур ҳадисларни бирма бир қисқача изоҳлаб, ўрганиб чиқайлик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар, чунки аёл қовурғадан яратилгандир. Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади. Бас, аёлларга (яхши) муомалада бўлинглар!»

Ҳадис таржимасида «муомалада бўлинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро тавсия беринглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган маъноларни ҳам ўз ичига олади. Ҳадиснинг айрим матнларида, жумладан, Видолашув ҳажида айтилган хутбада «яхши» сўзи очиқ айтилган. Бунда қавс очиб юборилади ва таржима қуйидагича бўлади: «Аёлларга яхши муомалада бўлинглар!»