Мўминнинг баҳори!

113

Юртимизга қиш фасли келди. Ҳар бир фаслнинг ўзига хос жиҳатлари бўлгани каби қиш фаслининг ҳам мусулмон инсон ҳаётида ўз ўрни бор. Қишда ақл эгаси учун ибратлар бор. Бу фасл хайр-барака ва яхшиликлар мавсумидир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ундан оқилона фойданланиши керак.

Қуръони каримда “қиш” сўзи бир марта келган.

إِيلَافِهِمْ رِحْلَةَ الشِّتَاءِ وَالصَّيْفِ   *  فَلْيَعْبُدُوا رَبَّ هَذَا الْبَيْتِ

“яъни уларга қишда (Яманга) ва ёзда (Шомга) сафар қилишни қулай қилиб қўйгани учун мана шу Уй (Каъба) нинг Парвардигорига ибодат қилсинлар”(Қурайш сураси, 2-3 оят)

Ўтган улуғлар бир йилни иккига бўлиб, ярмини ёз билан қолган ярмини қиш билан ўлчашарди. Қиш фаслида осмондан қору ёмғирлар ёғиб, одамларнинг ризқи кенг бўлишига сабаб бўлади. Мусулмоннинг ҳаётида қиш ҳам баҳорга айланади. Деҳқон баҳоада ерга уруғ қадагани сингари, мўъминлар ҳам қишда охирати учун захира жамғаради.

عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: «الشتاء ربيع المؤمن» وزاد البيهقي لفظ: «طال ليله فقامه وقصر نهاره فصامه» رواه أحمد

Абу Саъийд Худрийдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиш мўминнинг баҳоридир».

Имом Байҳақий: «Кечаси узоқ, уни қоим қилади. Кундузи қисқа, унда рўза тутади», дедилар» лафзини зиёда қилган. Имом Аҳмад ривоят қилган.

‏قال عمر رضي الله عنه: الشتاء غنيمة العابدين رواه أبو نعيم باسناد صحيح

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қиш-обидларнинг ўлжасидир». Абу Нуъайм саҳиҳ санад ила ривоят қилган.

Демак, бу мавсум бошқа фаслларга нисбатан савобли амалларни кўп қилиб олишга имкон яратиши билан бирга, синов ичра синов фасли ҳамдир. Ундан унумли фойдаланиб, имтиҳондан ўтиш учун кўпроқ захира тўплайлик.

 Нуриддин ҳожи домла,

Андижон вилояти бош имом-хатиби