ИСРОФДАН САКЛАНИШЛИК — БАРАКА КАЛИТИДИР

12

Муқаддас Ислом динимиз таьлимотлари бўйича мол – дунё Парвардигори олам томонидан инсонларга берилган неъматлардан бири сифатида қаралади ва дунё ҳаётидаги зийнатлардан бўлиб ҳисобланади. Аввало, Яратган зот бандаларга иҳтиёридаги мол – дунёларини ҳалол меҳнат ва касблар орқали топишга амр қилган, қолаверса ҳалол йўл билан топилган мол-мулкни беҳудага сарфламаслик, ўз ўрнида фойдали ишларга йўналтиришимиз зарурдир. Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.а.) бундай нақл қилдилар; Одамлар тўрт тоифадур; 1) сахий, 2) бахил, 3) исрофгар, 4) тежамкор. Сахий инсон дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши, бахил дунёда ҳам охиратда ҳам насибасини қолдирмаган, исрофгар охират насибасини дунёда ишлатган киши, тежамкор эса, дунё ва охиратдаги насибасини олган кишидур.
Исроф деганда фақат маблағ ёки бойлик ва мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди, балки қимматли умри ва бебаҳо вақтини фойдасиз ўтказиш, куч қуввати салоҳиятини жамият ривожи учун эмас, балки фойдасиз нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Исрофга йўл қўйиш Ислом динида улкан гуноҳлардан бири эканини яхши биламиз. Демак ҳар бир ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш бурчимиздир. Машаққатли меҳнат эвазига топилган мол мулкни беҳуда йўллар билан ноўрин жойларга сарфлаш ва исроф қилиш қаторига тўйлардаги қўша-қўша машиналар, ортиқча кийим кечаклар, қарзу ҳавола бўлиб тўй ва аза маросимларини ўтказиш ҳам киради. Натижада ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда ғам-ғусса балосига мубтало бўлиб, дунё ва охиратларини бой берадилар.
Ҳадиси — муборакда “Қарздорликдан сақланинглар, чунки у кечаси сизларга ғам-ғусса, кундузи эса хорлик бўлади” дейилган. Тўй ва аза маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўртача ўтказиш матлубдир. Агар ортиқча мол дунёни маҳалламиздаги мухтож инсонларга, қабристонлар ободончилиги, йўл ва кўприкларни таъмирлашга, шартнома асосида ўқиётган талабаларга ҳолисона тариқасида ёрдам берсак улкан ажру савобга ва мукофотларга қиёмат кунида иншааллох эришамиз.
Шу ўринда бир мулоҳаза қилсак, баъзи бир тўйлар тугул, ҳаттоки мусибат ва аза маросимларида ҳам исрофга кўплаб йўл қўйилаётганига гувоҳ бўляпмиз, айниқса баъзи бир шахслар азадорларга “ўлим бўлган хонадонларда йил давомида албатта бир канча қўйлар сўйиб, эҳсон қилиш керак” деган гапларни айтиб, мусибат аҳлларига зулм килаётганларини наҳотки тушуниб етишмаса. Ажабланарлиси эса, гўёки бу нарсалар барчаси “эҳсон“ номига боғлаб қўйилмоқда, ваҳоланки дини Исломда ҳеч ким қодир бўлмай туриб хайр – эҳсон амалларини бажаришга буюрилмаган.
Ривоят қилинадики Қадимда бир одам донишманддан; ”Бошим етишмовчиликдан чиқмай қолди. Маслаҳат беринг, кимдан қарз олай? деб сўрабди. Шунда донишманд “Ўзингдан қарз ол” деб жавоб берибди. Ҳалиги одам хайрон бўлибди. “Ўзимдан қандай қарз оламан” Донишманд киши жавоб берди. “Исрофга чек қўй, пулингни тежаб ишлат, шунда аҳволинг ўнгланади”. Келтирилган ривоят зийрак, фаҳмли замондошларимизни бефарқ қолдирмайди деб умид қиламиз.

Салимжон домла Юнусов,

Избоскан тумани бош имом – хатиби