Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ бобомизнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра Имом Мотуридийнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун у зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.
Имом Мотуридийнинг туғилган саналари аниқ маълум эмас. Манбаларни солиштириб чиққан уламолар имом Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розийнинг 248 ҳижрий санада вафот этганига кўра, бу зотнинг таваллудлари ҳижрий 240 сана атрофига тўғри келишини айтганлар.
Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган санаси бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган саналарида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда яшаганлари ҳисобланади.

Имом Мотуридийнинг устозлари

Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:

1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.

Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:

– Имом Абу Ҳанифа;
– Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;
– Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;
– Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;
– Мотуридий.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.
Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар:

1. Тафсир;
2. Усулул фиқҳ;
3. Ақоид;

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.
Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.
Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб лақаблар берилган:
– Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи);
– Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);
– Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);
– Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);
– Носирус сунна ва қомиъул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган. Аллоҳ таоло ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин. (Манбалар асосида тайёрланди).

Умиджон домла Усмонов
Бўстон тумани «Юнусобод»
жоме масжиди имом хатиби