СУРИЯДА ЖИҲОД БОРМИ?

483

CАВОЛ: Мен Тожикистонданман. Исломни ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат қиламан.

Мен Сурия ҳақида сўрамоқчи эдим. Интернетда баъзи ўзбек олимлари Сурияда жиҳод бор, ким инкор этса фосиқ, мунофиқ деб, чақиряптилар. Сиз бунга нима дейсиз?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Интернетдаги даъватчилар маърузаларида жиҳод ҳамма учун фарз экани ҳақида сўз юритади. Аслида, жиҳод икки қисмдан иборат:

1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.

2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим.

Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум. Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.

Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди” деб айтганлар. Яъни, кимки номаълум байроқ остида, уни кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва бу йўлда ўлса у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.

Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман заминларида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди.

Жиҳодга чақираётганларнинг аксарият халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.

“Нисо” сурасининг 93-оятида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб, бу жиноятнинг оқибати қанча ёмон эканига ишора қилмоқдалар (Ибн Можа р.а.ривояти).

Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиш натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлишаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Машҳур олим, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларни ичида бўлган ва террорчилар хусусида шундай деган эдилар: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар.

Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!”

Динимизда бегуноҳ инсон қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг улкан кўриниши ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.