Юртимиз истиқлолининг аввалги кунлариданоқ бебаҳо маънавий-маданий меросимизни холисона ўрганиш ва тиклашга давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири сифатида катта эътибор берилмоқда. Мана шу сабабдан ҳам маданий меросимиз дурдоналарини излаб топиш, асраб авайлаш, сақлаб қолиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича истиқболли режалар тузилди, улуғ алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳар томонлама, ҳолисона ўрганила бошланди. Аллоҳга шукрлар қиламиз, ҳақиқатни тан оламизки мана шундай улуғларимиз тариқат ва шариат пешволарининг (Аллоҳ уларни ўз рахматига олсин) мақбаралари давлатимиз томонидан обод гўшаларга айлантирилди ва уларнинг ёзган асарлари ва қўлёзмалари хурмат билан сақланмоқда ва амал қилинмоқда. Қимматли асарлари билан нафақат ислом олами, балки бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Ахмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ва шулар каби тасаввуф илмини назарий ва амалий жихатдан бойитган буюк мутафаккирларнинг фикрлари, уларнинг жамият ҳаётида фаол қатнашган етук тарихий шахслар сифатидаги диний, маънавий- маърифий, ижтимоий-сиёсий қарашларининг асл мохияти ва ахамиятини ёритиб бериш, албатта, ҳозирги давр учун ҳам нихоятда зарурдир. Мустақиллик йилларида диний қадриятларни қайта тиклашга эътибор қаратилиши масжидлар, мадрасалар ва бошқа диний ташкилотлар билан бир қаторда тариқат вакилларининг ҳам фаолиятига кескин туртки бўлди. Натижада  Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистоннинг турли худудларида тариқатчилар фаолияти жадаллашди. Баъзи бир инсонлар  илмсизлиги ва ишонувчанлиги сабабли баъзи бир сохта пирларга қўл бериб уларга мурид бўлиб, шариатимизга зид холда амал қилиб, керак бўлса оила –ахлларига этиборсиз бўлиб келишмоқда. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни ислом таълимоти, шариат ахкомлари ва ижтимоий хаётдан узоқлашган холда талқин этмоқда.

Аллоҳ таоло юртимизга истиқлол неьматини бериб, бунинг сабабидан     диний эркинликка эришдик. Масжид-мадрасаларимиз чиройли фаолият юритиб келяпти. Аввалда яшаб ўтган шариат ва тариқат пешволарини номлари улуғланди. Ҳозирги пайтда айрим жойларда чиқаётган “сохта” тариқатчиларнинг кирдикорларини ошкор қилиш ва ёшларимизни буларнинг фитналаридан огоҳ этиш шу Юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир.Аллоҳ таоло юрт-элимизни тинч-омон қилсин ва барча халқимизни ҳидоятда барқарор айласин.

Искадар  домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби.