Маълумки, Рамазондаги ҳар қандай амалнинг ажри бир неча баробар қилиб берилади. Бу Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло томонидан шу уммат учун ато қилинган тухфадир. Саҳобаи киромлар Рамазонни худди бир улуғ меҳмондек кутиб олар эдилар. Улар Рамазонга ўтган гуноҳ ва хатолари учун тавбалар қилиб, имкон қадар зиммаларидаги қарзларни адо қилиб, ҳатто баъзилари зиммасида ҳеч қандай ҳақ қолмаслиги учун закотларини адо қилиб кирар эдилар. Зотан, ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ибодат мавсуми ҳисобланади.

Олдинги солиҳ зотлар Рамазонни ажр ва савоблар бир неча ўнлаб марта кўп бериладиган мавсум сифатида кўрганлар. Шунинг учун ҳам улар Рамазонга олти ой қолганидан бошлаб унга етказишни сўраб Аллоҳ таолога дуо қилганлар. Аслида Рамазонга етиб келиш улкан неъмат ва катта имкониятдир. Чунки ой раҳмат ойидир, омонлик ойидир. Унда қанча-қанча инсонлар дўзахдан нажот топиш бахтига мушарраф бўладилар. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

﴿إذا كان أولُ ليلةٍ من شهرِ رمضانَ صُفِّدَتِ الشياطينُ ومَرَدةُ الجنِّ ، وغُلِّقتْ أبوابُ النارِ فلم يُفتحْ منها بابٌ ، وفُتِّحَتْ أبوابُ الجنةِ فلم يُغلقْ منها بابٌ ، ويُنادي منادٍ كلَّ ليلةٍ : يا باغيَ الخيرِ أقبلْ ، ويا باغيَ الشرِّ أقْصرْ ، وللهِ عتقاءُ من النارِ ، وذلك كلَّ ليلةٍ﴾ (رواه الترمذي عن أبي هريرة رضي الله عنه)

 “Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар ва саркаш жинлар занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади. Унинг биронта эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари очилади. Унинг биронта эшиги ёпилмайди. Ҳар кечада бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшилик истовчи!. Эй ёмонлик истовчи!. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади ва бу ҳар кечада содир бўлади” (Имом Термизий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойни алоҳида эътибор билан ўтказар эдилар. Бу ҳақда шундай дейилади:

﴿عن ابن عباس رضي الله عنهما ، قَالَ : كَانَ رسول الله صلى الله عليه وسلم أجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أجْوَدَ مَا يَكُونُ في رَمَضَانَ حِيْنَ يَلْقَاهُ جِبْريلُ ، وَكَانَ جِبْريلُ يَلْقَاهُ في كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ القُرْآنَ ، فَلَرَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم حِيْنَ يَلْقَاهُ جِبرِيلُ أجْوَدُ بالخَيْرِ مِن الرِّيحِ المُرْسَلَةِ متفقٌ عَلَيْهِ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг саховатли ҳолатлари Рамазонда – Жаброил билан учрашган вақтда  бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашар эди ва Қуръонни дарс қилишар эди. Ҳақиқатда шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар” (Муттафақун алайҳ).

Азизбек домла Жабборов

Асака тумани“Икром ҳожи” жоме масжиди имом хатиби