Хайр ва саховат халқимиз одоб-ахлоқининг энг муҳим қирраларидан биридир. Шунинг учун қадим-қадимлардан бошлаб ота-боболаримиз ўз фарзандларини сахий қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келганлар. Халқимиз оғзаки ва ёзма адабиётининг энг қадимдан бугунги кунгача бўлган намуналарида ҳам инсониятнинг бу ахлоқий фазилати алоҳида тилга олинади ва улуғланади.

Албатта, хайр ва саховат ҳамиша инсонни улуғлайди, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан мукофотларни ҳозирлаб қўяди. Халқимиз қадимдан эътиқод қиладиган ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири деб талқин этилган жиҳат хайр ва саховатдир.
Муқаддас китобимиз “Қуръон”нинг кўплаб оятлари ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламмнинг ўнлаб ҳадисларида ҳам мўмин-мусулмонлар хайру саховатли бўлишга тарғиб қилинади. Хайру саховатнинг инсон ахлоқида тутган ўрни, унинг жамиятга ва саховатли кишининг ўзига етадиган нафлари, бу улкан фазилат туфайли нафақат мусулмонлар, балки турли динга эътиқод қилувчи кишилар ҳам ўзаро тинч-тотув, аҳилликда ҳаёт кечиришлари қайта-қайта таъкидланади. Жумладан, Аллоҳ таоло мўминларни улуғлар экан шундай марҳамат қилади:

“…Улар (Пайғамбаримимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган хабарларга) ғойибона имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3-оят). Кўриниб турибдики, Яратганнинг наздида садақа, яъни хайр ва саховат энг улуғ ибодатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу – саховатпешалик, яъни Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган нарсалардан бошқаларга ҳам эҳсон қилишлик мўмин-мусулмонлар одобининг энг юксак намунаси эканлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишда хайр ва саховатли бўлишга интилиш бизнинг кундалик энг муҳим ишларимиздан бирига айланиши лозим.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, динимизда фақат мўмин-мусулмонларгагина эмас, балки умуман бунга муҳтож бўлган ҳар қандай мискинларга, етим-есирларга хайр ва саховат қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилади. Албатта, бу улуғ ишни дастлаб ўз яқинларидан бошлаш, ўзининг қавм-қариндошлари орасидаги муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга яхшилик ва эҳсонлар қилиш зарур бўлади. Уламоларимиз динимизда ким “яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, кўчада қолганларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса” (Бақара сураси, 177 оят) у юксак инсоний фазилат эгаси бўлиши, молу дунёга ҳирс қўйишдан, бахилликдан сақланиши, ўзгаларга наф келтириш орқали ўзи ҳам улкан фойда келтириши мумкинлиги таъкидлайдилар. Бу пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам айтиб ўтилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир.Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, – дедилар.

Юқоридаги ҳадис мазмунидан кўриниб турибдики, сахийлик инсонни улуғлайди, уни ёмонликлардан асрайди, қалб поклигига, имон-эътиқод мустаҳкамлигига, элу юрт ободлиги, Ватан равнақи ва тинчлигига далолат қилади. Бас, шундай экан биз ҳамиша бу ахлоқий тушунчани ўзимизга чуқур сингдириб олишимиз, фарзандларимизни ҳам хайру саховатли инсонлар сифатида тарбиялашимиз лозим бўлади. Зеро, яхшилик ҳеч қачон зое кетмайди. Ҳар бир қилган яхшилигимиз учун бир неча баробар мукофот олишимиз айни ҳақиқатдир.

Отабек домла  Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.