Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида Ислом дини ақидалари, аҳкому усулларини саҳоба киромларга ҳадиси шарифлар орқали мукаммал равишда етказганлар. Саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлардан тортиб то асримизгача ўтган Ислом уламолари мусулмонларга Аллоҳ таоло қодир қилганча шариат аҳкомларини тушунтириш, хоҳ ибодат, хоҳ муомала соҳасида Исломга кириб қолган бидъат ва хурофатларга қарши жиддий курашишга зўр маҳорат кўрсатиб келганлар. Лекин шунга қарамай, мусулмон халқи ўртасида динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар ҳануз ҳукм суриб келаётгани ачинарли ҳолдир.

Жоҳилият  замонида одамлар “Сафар” ойи ҳақида турли хил ёмон фикрлар қилар эдилар. Сафар ойи ичида никоҳ боғланмас, бирор эзгу ишга қўл урмас эдилар. Сафар ойи кириши билан инсонлар орасида “сафарга чиқиб бўлмайди”, “тўй маросимлари қилиб бўлмайди”,  деган  сўзлар ҳозиргача такрорланиб турибди. Ҳаттоки,  ҳозирги замон  тожирлари, яъни  тижоратчилар ҳам  сафар ойида шумланиб  эл юрт учун зарур бўлган  товарларни олиб келишни ортга суришмоқда. Халқ учун зарур бўлган озиқ овқат маҳсулотлари камайса, халқ  зарар кўради. Нарх-наво кўтарилиб, аҳоли учун зарари бўлади. Ушбу “Сафар” ойида ҳам  ҳеч  нарсадан  шубҳаланмасдан,  ўз ишларини давом эттириш керак. Шумланиш  борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қилганлар. Яъни: “Уч нарсадан умматим ҳануз қутила олмайдилар. Бу –ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутилиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоблаб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг! (Абу Яъло ривояти), — деганлар.

Яхшилик ва ёмонлик бандаларга тақдир қилингандир. Яъни бандаларга динларида ва  дунёларида етадиган ҳар бир яхшилик ва ёмонлик тақдирларида ёзилгандир. Уларга тайин қилингандир. Уларга Аллоҳнинг ҳузуридан келур хато қилмас, Уларга тақдир қилинмаган нарса етмас.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи васаллам ривоят қилган ҳадиси шарифда бу борадаги жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб, айтиладики: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди. Магар, Аллоҳ таоло ҳоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир”. (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Касалликнинг юқиши йўқдир, шумланиш  йўқдир. Лекин тафоул мени ажаблантиради”. Шунда  саҳобалар “Тафоул нима?”  деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши (ёқимли) сўз”, деб жавоб  бердилар.

“Тафоул” сўзини  шундай тушуниш лозимки, масалан касал одамга “сиз соғломсиз” дейилса, шу сўзни эшитиши билан унинг  соғайишига  бўлган умиди  ортади, демак у мана шу сўзни яхшиликка йўйди.Шуни яхши билиш  керакки, “тафоул”  сўзи  халқимиз орасида тарқалган фол кўриш тушунчасидан мутлақо бошқадир. Фолбинлик билан шуғулланиш, уларга ишониш шариатимизда қатъий ҳаром қилинган бўлиб, фолбинлик  қилувчиларнинг имонида шубҳа  борлиги. Фолга ишонган киши қаттиқ гуноҳкор  бўлиши, ҳатто қиладиган ибодати ҳам қабул бўлмаслигини Пайғамбаримизнинг  ҳадисларида баён қилинган. Ушбу  иллатлардан қутулиш учун, аввало  инсон ўша воқеа ва нарсаларга эътибор бермай кетавериши. Балки, Аллоҳ таолодан ёрдам  сўраб дуо қилиши лозим.

Ҳулоса қилиб айтиш мумкинки, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат  хурофат  ва ирим-сиримларга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг ҳам фикрини  чалғитиб, соф Ислом  таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар айни мудддао бўлур эди. 

Ҳақ таола ҳаммаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин.

Нурилло домла Бойматов

Андижон туман “Файзибой хожи “

жоме масжиди имом-хатиби