Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, барча шароитларни яратди. У Зот ерни инсон учун бешик қилди. Тоғларни қозиқ қилиб яратди. Осмондан ёғдирган баракот сувлари билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларга ризқ қилиб берди.
Юртимизга баҳор фасли кириб келмоқда. Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, Юртимиз ва халқимизнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади.
Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, барча шароитларни яратди. У Зот ерни инсон учун бешик қилди. Тоғларни қозиқ қилиб яратди. Осмондан ёғдирган баракот сувлари билан дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларга ризқ қилиб берди.
Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратиб, зиммасига ер юзини обод қилишни юклади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У сизларни ердан пайдо этиб, сизларни уни обод этувчи қилди” (Ҳуд, 61).
Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаларида инсонларни боғлар яратишга, экин экишга, ободончилик қилишга тарғиб қилган. Ушбу амалларга Яратганнинг улуғ мукофати борлигини ҳам маълум қилган. Жумладан: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини мазкур савобли амалларга тарғиб қилиб:
Яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танавул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур” деб, марҳамат қилганлар.
Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг мевасидан инсон ё қуш ёки ҳайвон еса, унга садақанинг савоби бордир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, деганлар (Табароний ривояти).
Халқимизда “Уруғинг билан эмас, ҳосилинг билан мақтан”, деган нақл бор. Деҳқон ишини ихлос ва ҳосилдан ушр беришни қасд қилиб, Аллоҳ таолодан барака сўраган ҳолда ҳаракат қилса, албатта ниятига етади.
Рифоъа ибн Рофиъдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Набиййимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дан қайси касб афзаллиги ҳақида сўралди. Шунда у зот: “Кишининг ўз қўли билан қилган иши ва ҳар бир ҳалол савдо” деганлар (Баззор ривоят қилган, Ҳоким саҳиҳ деган).
Ушбу ҳадисда қўл меҳнати тижоратдан олдин зикр қилингани учун у энг афзал ишдир. Ушбу ҳадис шарҳида уламолар турли фикрлар билдиришган. Мовардий: “Касбларнинг энг афзали – деҳқончилик, тижорат ва саноатдир”, деганлар.
Имом Нававий: “Касбларнинг энг яхшиси қўл меҳнати билан қилинган иш бўлса, деҳқончилик энг яхшисидир, чунки унда қўл меҳнати ҳам бор. Аллоҳга таваккал қилиш, инсон ва ҳайвонларга ҳам манфаат етказиш бор”, деганлар.
Демак, юртнинг ободлиги, тўкин ва фаровонлиги инсоннинг аввало, шу азиз заминга меҳр қўйишидан бошланади.Она диёримизнинг, айниқса, қишлоқ жойларида яшовчилар учун моддий фаровонлик деҳқончилик ва зироатдан экани яхши маълум. Улар дастурхонимизга қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бермоқдалар.
Бу халқимизнинг ризқу рўзи, насибаси, аввало, деҳқонлар меҳнатига боғлиқ эканини билдиради. Ўзбекистон шундай диёрки, халқи меҳнаткаш, тупроғи серунум, об-ҳавоси мўътадил, оқар сувлари бор. Бу эса деҳқончилик учун жуда ҳам яхши ҳолатдир. Демак, Аллоҳ таоло бизга шундай диёрда яшашни раво кўрган экан, бундан унумли фойдаланишимиз керак. Деҳқончилик нафақат тирикчилик манбаи, балки охират учун ҳам имконият эканини ҳис этсак, иншааллоҳ, икки дунёмиз обод бўлади.
Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос фазилатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик қамраб олади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳовли ва уй-жойларингизни озода тутинглар”, “Поклик имондандир” дея умматларини покликка чорлаганлар.
Бошқа бир ҳадисда: “Поклик кишини имонга чақиради. Имон эса, ўз эгаси билан жаннатда биргадир”, дейилади.
Атрофимизни турли зарарли нарсалардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва аҳлимизнинг ҳаётини сақлаган бўламиз. Шунингдек, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш каби ишларни амалга оширишда барчамиз фаол бўлсак миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимизнинг асосий фазилатли ва ҳайрли ишларини амалга оширган бўламиз.

Отабек домла Ёрқулов
Бўстон туман “Акбарали қори ота”
масжиди имом-хатиби