Facebook ижтимоий тармоғида бир пост ўқиб қолдим:
«Бир биродаримиз таъқиқланган белги остига машинасини қўйиб, масжидга жумъа намозини ўқигани кириб кетган. Бошқа акамизга 669.000 жарима келганини айтиб, ўша расмга олиб, тегишли жойларга юборган инсонни «казёл» деб атаб пост қўйибдилар…
Халқнинг аксари энди ўша кимлиги номаълум «кўнгилли мухбир»ни қарғаб ётипти…
Шу ўринда камина бир оз сиз азизларни мушоҳадага чорласам деган фикрга келдим.

Хўп, ўша расмга олганку майли энди, ўша 10.000 сўм пулни деб виждонини сотаётгандир, мазкур ишини асло исломда оқлаб бўлмайди. Бошқа бир мўмин биродарини айбини ошкор қилиб, арзимас пул учун жосуслик қилгани сабабли қиёматда жавоб бериши муқаррар.
Аммо машинасини ўша белги остига қўйиб кириб кетган акамизни шу суммадаги жаримага ёки ўша номаълум жосус «сураткаш»нинг объективи остига тушиб қолишига аслида сабаб нима бўлган сизнингча?
Жавобини тахминан шундай чамалаб чиқсак, қанақа бўларкин:

Биринчи:

Катта эҳтимол билан ўша намозхон акамиз Жумъа намозига такбир вақтига қадаб, тиғиз вақтдп келганлар. Оқибатда жамоатга улгуриб қолишга интилиб, ўша «майда ва эътиборга лойиқ бўлмаган» йўл белгисини «кўрмай қолган» лар…
Хўш, бу тўғрида динимиз нима дейди. Келинг ҳадиси шарифларга бир мурожаат қилайликчи:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Жума куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Қачонки, имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлурлар», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Биз эса, минг афсуски, жумъа намозини… фақат ўша 10 ракаат ўқиладиган қисминигина жумъа намози деб қабул қилишни одат қилганмиз. Гўёки «Каҳф» сурасини ва маърузаларни тинглаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у Зотнинг саҳобийлари каби намозни бошланишини кутиб масжидда интизор ўтиришлик эса, фақат бекорчиларни ва кекса отахонларни иши деган нотўғри фикрни миямизга сингдириб олганмиз…

Иккинчи:

Яна бир жиҳатга эътибор қаратайлик. Хўш, ўша йўл белгиси нима учун айнан масжид ёнига қўйилди?
Негаки, жумъа куни нафақат масжид сахни, балки ташқариси ва ён атрофлари минглаб намозхонлар билан тўлиб-тошади. Бир жойга минглаб одам тўплангани, ўша минглаб одамларнинг ичида минг хил феъл-атворга эга, саломатлиги ҳам шунга яраша турфа хил инсонлар ўша жойда мавжуд дегани. Мабодо, Аллоҳ сақласин, бирортаси хушидан кетиб қолса ёки бирор кор-хол бўлиб тез ёрдам машинасида олиб чиқиб кетиш зарурати туғилса, фаразан ўша 669.000 тўлаган акамиз масжид ичида хеч нарсадан бехабар, ўзи кеч қолган суннат намозини ўқийверсаю, у акамизни машинаси йўлни тўсиб тураверса, шу иш тўғри бўладими?..
Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат намозига шошмасдан, югуриб, халлосламасдан, виқор билан, оҳиста, барча дунёвий ишларни ортга ташлаб келишни буюрганлар:

عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “إِذَا أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ فَلَا تَأْتُوهَا تَسْعَوْنَ وَأْتُوهَا تَمْشُونَ وَعَلَيْكُمُ السَّكِينَةُ فَمَا أَدْرَكْتُمْ فَصَلُّوا وَمَا فَاتَكُمْ فَأَتِمُّوا” (رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ).

яъни: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Намозга иқомат айтилганда унга югурманглар. Балки, унга босиқлик ва виқор билан юриб боринглар. Етишганингизни (имом билан бирга) ўқинг, етиша олмаганингизни эса (ўзингиз) якунлаб қўйинг” (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Учинчи:

Нега энди биз хафтада бир ўқиладиган,»мискинларнинг ҳажжи»,»кунларнинг саййиди» бўлган жума намозига уйимиздан атиги 1-2 километрга пиёда эмас, машинада, шунда ҳам вақтига қадаб тиғиз боришимиз керак?
Яна бир ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз:

Авс ибн Авс Сақафийдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким жума куни ювса ва ғусл қилса, сўнгра эрта борса, пиёда юриб, (улов) минмаса, имомга яқинроқ ўтирса ва тингласа, беҳуда (ҳаракат) қилмаса, унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг рўзаси ва бедорлигининг ажри берилур”, – дедилар”.

(Абу Довуд ривоят қилган)

Менимча, юқоридаги ҳадисни шархлашга ҳожат бўлмаса керак…

Хулоса шуки, ўша «казёл»ларни фото-обьективига тушиб қолаётганимизга ўзимиз сабабчимиз, бунда Исломни ҳам, масжид атрофига бизни пўрим ва хашаматли машиналаримизга етарли стоянка қуриб қўймаган масжид маъмуриятини ҳам, ёки ўша қўйган машинамизни эгасини тополмай, ноилож номерини ечиб олаётган ГАИ ходимларини ҳам айблашга ўрин йўқ!
Динимизни ва уни кўрсатмаларини, Расулимиз алайхиссаломнинг муборак хулқларини, суннатни яхши ўргансак, нафақат 669.000 балки 669 тийинни исроф қилишгаям ҳожат қолмайди…


Қобилжон домла Исақов,

Анлдижон шаҳри «Шаҳид тепа» 
жоме масжиди имом-хатиби