Аллоҳ таоло тавбаларни қабул қилгувчидир

22

Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир», деган.
Ширк келтириш катта гуноҳ эканлиги бошқа оятларда ҳам қайта-қайта таъкидланган. Аммо бу оятда, ширк ягона кечирилмас гуноҳ эканлиги билдирилмоқда.
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас».
Аслида, ширк–яратувчиликда, ибодат ва тарбиякунандаликда Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ақидани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади.
Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, яратган зотга, ризқ берган зотга нисбатан зулмдир. Кимки ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳнинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ширк келтирганларнинг гуноҳини ҳеч қачон кечирмайди.
Аммо иймон билан ўтганларнинг–ширк келтирмаганларнинг бошқа гуноҳлари бўлса, Аллоҳ хоҳлаган одамини мағфират қилаверади.
«Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир».
Имом Ибн Аби Ҳотим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга ширк келтирмай вафот этган ҳар бир жон мағфиратга сазовордир. Аллоҳ хоҳласа, уни азоблайди, хоҳласа кечиради. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмайди. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа кечиради», деганлар.

Аллоҳ таоло: «Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур», деган.
Яъни, Аллоҳ таолонинг Ўзигина бандаларнинг тавбасини қабул қиладиган зотдир. Тавбани қабул қилувчи ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина бандаларнинг гуноҳларини афв қилади. Гуноҳни афв қиладиган ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ.
Аллоҳ таоло бандалари нима қилаётганини ҳам жуда яхши билади. Ким ҳақиқатда ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан адо этиб, пайғамбарлик бурчини омонат ила бажараётгани, ким саркашлик қилиб, унга ваҳий тушгани йўқ, у Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпти, деяётганини ҳам яхши билади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббиларидан ҳикоя қилароқ:
«Банда гуноҳ қилди ва:
«Эй, Аллоҳим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳни мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди», дейди.
Сўнгра у яна қайта гуноҳ қилди ва:
«Эй, Роббим, гуноҳимни мағфират қилгин», деди.
Шунда У зот таборака ва таоло:
«Бандам гуноҳ қилди. Сўнгра ўзининг гуноҳини мағфират қиладиган ва гуноҳ туфайли муохаза қиладиган Роббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қилавер, батаҳқиқ, сени мағфират қилдим», дейди», дедилар
».

Шарҳ: Тавбага шунчалар қаттиқ тарғиб бўлганидан уламоларимиз, тавба қилиш ҳар бир банда учун фарз айндир, деганлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳеч ҳам яхшилик қилмаган бир одам ўз аҳлига қачон ўлса уни куйдириб кулининг яримини қуруқликка, яримини денгизга сочиб юборишни айтди. Аллоҳга қасамки, агар Аллоҳ уни тутса уни оламлардан бирортасини азобламаган азоб ила азоблашидан қўрқди. Ўша одам ўлганда унинг айтганини қилдилар. Бас, Аллоҳ қуруқликка амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Аллоҳ денгизга амр қилди. У анинг ўзидаги нарсаларини жамлади. Сўнгра У зот унга:
«Нима учун бундоқ қилдинг?» деди.
«Сендан қўрққанимдан. Эй, Роббим. Ўзинг билувчисан», деди.
Бас, Аллоҳ уни мағфират қилди
».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан аввал ўтганларнинг ичида тўқсон тўққизта одамни ўлдирган бир киши бор эди. У ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир роҳибга йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг тўқсон тўққиз жонни ўлдирганини айтиб тавба қилса бўладими йўқлигидан сўради. У бўлмаслиги айтди. Шунда у ани ҳам ўлдириб юзтага етказди. Кейин ер юзидаги энг олим киши ҳақида сўради. Уни бир олим кишига йўлланди. Бас, у анинг олдига бориб, ўзининг юзта жонни ўлдирганини айтиб тавба қилса бўладими йўқлигидан сўради. У бўлишини ва у билан тавбанинг орасини ҳеч ким тўсмаслигини айтди. Сўнгра, фалон ерга бор. У ерда Аллоҳга ибодат қилаётган одамлар бор. Улар билан бирга Аллоҳга ибодат қил. Ўз ерингга қайтма. Чунки у ёмон ердир, деди.
У жўнаб кетди. У ярим йўлга етганида унга ўлим етди. Раҳмат фаришталари билан азоб фаришталари уни талашиб қолдилар. Раҳмат фаришталари:
«У тавба қилиб, қалби ила Аллоҳ таоло томон келди», дедилар.
Азоб фаришталари:
«У ҳеч ҳам яхшилик қилган эмас», дедилар.
Уларнинг олдига бир фаришта одам сувратида келди. Улар уни ораларида (ҳакам) қилдилар. Бас, у:
«Икки ер орасини ўлчаб кўринглар. Қай бирига яқин бўлса, у ўшаники бўлади», деди.
Ўлчашганда унинг ўзи ирода қилган ерга яқин чиқди. Уни раҳмат фаришталари олдилар
».

Ушбу учтани икки шайх ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисни етти мартадан кўп айтганларини эшитдим. Мен у зотнинг:
«Кифл Бани Исроилдан эди. У гуноҳдан сақланмас эди. Унинг олдига бир аёл келди. У унга устига чиқиш шарти ила олтмиш динор берди. У эр хотинига қандоқ ўтирадиган бўлса унга ўшандоқ ҳолда ўтирган чоғида аёл йиғлай бошлади. Бас, у:
«Нимага йиғламоқдасан? Мен сени мажбур қилдимми?» деди.
«Йўқ. Аммо мен бу ишни ҳеч қилмаган эдим. Муҳтожликгина мени бунга мажбур қилди», деди.
«Сен ҳали шундоқмисан? Мен бу ишни қилмайман. Бор, кетавер! Пуллар ҳам сеники», деди.
Сўнгра у «Йўқ. Аллоҳга қасамки, бундан кейин Аллоҳга ҳеч ҳам осий бўлмайман» деди. У ўша кечаси ўлди. Бас, унинг эшигига «Албатта, Аллоҳ кифлни мағфират қилди» деб ёзилиб қолди», деганларини эштидим
».

Термизий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло айтади: “У бандаларидан тавба – тазарруъ қабул қиладиган, ёмонликларни авф этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир” (Шўро, 25).  Яъни, агар тавба қилсалар ва гуноҳлардан қайтсалар гуноҳларидан ўтади.

Тавба – гуноҳларига қалби билан пушаймон бўлмоғи, тил билан истиғфор сўрамоқлиги  ва гуноҳларига ҳеч ҳам қайтмасликни кўнглига тугмоқлигидир.

 Абдуллоҳ Ибн Масъуд (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: “Кимки фақат якка-ю ягона, улуғ Аллоҳ таолодан кечирим сўрайман, деб уч марта айтса, унинг гуноҳлари кечирилади, агар денгизнинг кўпигичалик бўлса ҳам”.

Абу Қалоба айтди: “Албатта  Аллоҳ  таоло Иблисни лаънатлаган пайтда у муҳлат беришни сўради. Аллоҳ унга муҳлат берди. “Сенинг улуғлигинга қасамки, бандангнинг қалбидан жони чиққунича чиқмайман”, — деди. Аллоҳ айтди: “Улуғлигимга қасамки, бандамдан тавбани тўсмайман, токи нафаси чиққунича”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Гуноҳига тавба қилган киши гўёки гуноҳи йўқ кишига ўхшайди”.

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Агар банда бир гуноҳ қилса қўйиб:

  • Ё Аллоҳим, мен гуноҳ қилдим ёки мен бир гуноҳ содир қилиб қўйдим, мени кечиргин”, — деса. Аллоҳ таоло айтади:
  • Бандам гуноҳ қилди, унинг Парвардигори гуноҳларни кечиришини ва шу гуноҳ билан жазолашлигини билди. Бас, бандамнинг гуноҳларини кечирдим”.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳурматларидандир. Демак ҳар бир мўмин-мусулмон киши Аллоҳ таолога кечаю кундуз тавба қилмоғи лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни тавбалари қабул бўлган бандаларидан бўлишимизга насиб этсин.  

 

Искандар домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани «Далварзин» жомеъ
масжиди имом-хатиби