Ҳар мусибат бир синовдир

25

Бу дунё синов дунёси. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларни турли синовлар билан имтиҳон қилади.          Яратган Парвардигор бандаларига меҳрибон. Ўз хазинасидан неъмат берса-ю, банда шукр қилса – ажр. Мусибат берса-ю, банда сабр қилса, бунда ҳам ажр бор. Аллоҳ таоло Қурони каримда мўминларни сабр қилишга чорлаб, сабрли бандаларга Ўз мукофотини ваъда қилади:

Эй иймон келтирганлар! Сабр ва намоз ила мадад сўранглар. Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмайсиз. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара. 153-157)

         Мусибат – инсонга унинг ўзида, молида ёки аҳлида содир бўладиган озорлардир. Ҳатто пойафзалимизнинг боғичи узилиб кетиши ҳам мусибатнинг бир кўринишидир. Буларнинг ҳар бири учун, агар сабр қилсак, ажр бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Мўминга озор бергувчи ҳар бир нарса мусибатдур ва унга ажр бор”. (Руҳул маъоний)

Бугунги кунда бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси эса ўзига яраша мислсиз катта синовдир. Мўмин банда барча ҳолатларда бўлгани каби бу шароитда ҳам Аллоҳни унутмаслиги, барча синов Аллоҳдан эканлигини доимо ёдда тутган ҳолда бу синовга шариат кўрсатмалари асосида муносабатда бўлиши лозим.

Шариат кўрсатмаларида бу бобда нималар дейилади?

         Энг аввало сабр қилади ва истиржо айтади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

         “Умматимга умматлардан ҳеч бирига берилмаган нарса ато қилинган. Бу – мусибат чоғида  إنا لله وإنا إليه راجعون  (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз) дейишлигидур” дедилар. (Табароний ривояти)

         Яна бошқа ривоятда эса:

         “Бу умматга мусибат пайтида улардан аввалги пайғамбарларга берилмаган нарса берилди —  إنا لله وإنا إليه راجعون  (Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз). Агар улардан аввалги пайғамбарларга берилса Яъқубга берилар эди” деганлар.

Кейин эса табобат қоидаларига асосан эҳтиёт чораларини кўриш лозим. Бу ҳақда эса ҳозирги кунда уламоларимиз қайта-қайта таъкидлаб айтмоқдалар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

Шунинг баробарида ўзмизини эҳтиёт қилишимиз, карантин қоидаларига риоя қилишимиз нафақат ўзимиз учун, балки бутун атроф-теварагимиздаги инсонлар учун энг зарур тадбирлигини бугунги кунда ҳар қандай оқил инсон англаб етмоқда.

Аллоҳнинг марҳамати билан мажидларимиз ўз фаолиятини яна давом эттира бошлади. Унинг давомийлиги ўзимизга кўп жиҳатдан боғлиқ. Оддийгина санитария қоидаларига риоя қилмаслигимиз нафақат жоҳиллик, балки бутун жамоат учун кулфат бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.

Шундай экан ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам эҳтиёт қилайлик. Карантин қоидалари бузманг! Айнан сизнинг соғлигингиз учун тер тўкаётган фаолларни ҳурмат қилинг.

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Асака туман бош имом хатиби